ЙЕТС

ЙЕТС, Йетс, Ейтс (Jeats) Уильям Батлер (1865.13.6, Сандимаунт, Дублин яқинида — 1939.28.1, Рокбрюн, Франция) — ирланд шоири ва драматурги, символизм намояндаси. 90-й. лардаги «Ирланд уйғониш даври» маданий ҳаракатининг ташаббускори ва қатнашчиси. Биринчи миллий театр асосчиси. Ирланд адабиёт академиясини ташкил этишда қатнашган. Йетс ижоди ирланд фольклори билан мустаҳкам алоқада ривожланган: «Оссианнинг саргузаштлари» (1889) достони, «Сирли атиргул» (1897) шеърий тўплами ва б. «Хулиэннинг қизи Кэтлин» (1902) пьесасида ирланд халқининг миллий озодлик ҳаракати қўллабқувватланган. «Минора» (1928), «Айланма зина» (1933) шеърий тўпламларида тушкунлик кайфияти сезилади. Ижодида кельт мифологиясига мурожаат қилган, бу унга миллий ирланд адабиётини қайта тирилтириш имконини берди. Йетс ўзининг саҳна асарлари билан шеърий драманинг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди. Умрининг сўнгги йилларидаги асарларида рамзий образларнинг кўплигига қарамай, киборлар жамиятидаги иккиюзламачилик ва риёкорликлар қораланади. Нобель мукофоти лауреати (1923).