ВРОЦЛАВ

ВРОЦЛАВ — Польшанинг жан.ғарбидаги шаҳар. Вроцлав воеводалигининг маъмурий маркази. Одра дарёси бўйидаги порт. Аҳолиси 640 мингдан зиёд киши (1990-й. лар ўрталари). Вроцлав йилномаларда дастлаб 980 й. да Бреславль номи билан тилга олинган. Бир неча аср немислар қўл остида (1945 й. гача) Силезиянинг бош шаҳри (Бреслау) бўлган. Вроцлав йирик саноат шаҳри ва муҳим т. й. тугуни. Транспорт машинасозлиги, станоксозлик, приборсозлик, электротехника, ўлчов асбоблари, кимё, тўқимачилик, тикувчилик, полиграфия, озиқ-овқат саноати ривожланган. Вроцлавда ун-т, илмий тадқиқот ва политехника ин-тлари, йирик илмий кутубхона, опера театри, музейлар, ботаника ва ҳайвонот боғлари бор. Шаҳарда меъморий ёдгорликлар кўп: бир неча черков, ратуша биноси (14—16а. лар) ва б. сақланган.