ВАБО

ВАБО (cholera) — ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион касаллик; ўта хавфли ичак касалликларидан. Вабо дастлаб (1816) Ҳиндистонда — Ганг дарёси водийсида пайдо бўлган; у ерда турмуш шароити оғир бўлганлиги учун аҳолининг бир қисми бошқа давлатларга кета бошлайди. Натижада В. Европага, кейинчалик бутун дунёга, чунончи Бирма (1819), Ява ва Борнео о. лари, Хитой (1820), Эрон (1821), Япония ҳамда Россияга (1822) тарқалади. 1823 — 1925 й. ларда Россияда Вабо эпидемияси 55 марта қайд қилинган. Туркистон ўлкасига Вабо, асосан, Афғонистон ва Эрондан ўтган. Вабонинг классик Вабо ва Эль-Тор Вабоси деган 2 тури бор. Шунга кўра, Вабо микроби (вибрион деб аталади) классик Вабо вибриони ва ЭльТор вибриони деб аталадиган икки хилга ажратилади. Классик Вабо вибрионини 1883 й. Р Кох, Эль-Тор Вабо вибрионини эса 1906 й. Синай я. о. да Готшлих топган. Вабо вибриони салгина букилган ва икки учи юмалоқланган таёқча бўлиб, бўйи 1,5—4 мк ва эни 0,2—0,4 мк. Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15—30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача, пивода 3 соатдан 5 кунгача тирик туради. Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади. 1960 й. гача бўлиб ўтган Вабо эпидемияларининг деярли ҳаммаси (аниқроқ айтганда 6 пандемияси) га классик Вабо вибриони сабаб бўлган.

Классик Вабо оғир утиб, бемор ётиб қолади, касаллик белгилари (тез-тез ич кетиши, қусиш, шунинг натижасида организмнинг сувсизланиши, шунингдек т-ра пасайиши, мускулларнинг тиришиши ва интоксикациянинг бошқа белгилари, юрак уришининг сусайиши ва ш. к.) аксари рўйирост кўринади, шунга кўра касаллик Вабо бошланиши б-ноқ тез аниқланганида, Вабонинг тарқалиши чекланади. Эль-Тор Вабоси эса аксари енгил ўтади. Вабо белгилари бўлмагани ҳолда вибрионларни ташиб юрадиган кишилар кўпроқ учрайди, шу боис Эль-Тор Вабо сини аниқлаш классик Вабони аниқлашга нисбатан қийинроқ, шунинг учун ЭльТор Вабо сининг бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтиш ва кенг тарқалиш имкониятлари катта.

Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан сийдиги билан ташқарига чиқади. Вибрионлар тушган сув ва озиқовқатни истеъмол қилиш натижасида Вабо юқади. Меъда шираси вибрионларни ўлдиради, аммо сув кўп ичилганда ёки меъда шираси камроқ бўлганда вибрионлар меъдадан ингичка ичакка ўтиб, купаяди. Вибрионларни пашша ҳам тарқатади. Пашша ахлатга қўнганда вибрионларни қорнига ва оёкларига илаштириб олиб, озиқ-овқатга ва ичимлик сувга юқтириши мумкин. Беморни парвариш қилувчилар ва вибрион ташувчилар (организмида Вабо вибрионлари бўлса-да, оғримаётган кишилар) ҳам касаллик тарқалишига сабаб бўла олади. Вабо ювуқсиз қўл, кир кийимбош ва парвариш буюмлари орқали ҳам юқади. Вабо вибрионлари тушган сувни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан Вабо эпидемиялари қисқа вақтда кўп аҳолини касаллантиради. Эль-Тор Вабоси асосан шу йул билан тарқалади (айниқса қишлоқ жойларда). Табиий шароит (ёзнинг жуда иссиқ келиши) ва аҳоли миграцияси (денгиз бўйидаги шаҳарларга езда кўплаб аҳолининг дам олишга келиши) санитария аҳволига путур етказиб, Вабонинг тарқалишига имкон беради. Вабонинг типик (альгид) формаси 2—3, баъзан 5 кунлик инкубацион даврдан кейин ўзига хос белгилар билан бошланади: ич тез-тез ва кўп келади, бемор қусади, т-раси пасаяди (35—34° гача), мускуллари тиришади, юрак уриши сусаяди ва ҳ. к. Организм сувсизлангани учун беморнинг кўзлари киртаяди, бадани кўкаради, териси буришиб қолади, ёпишқоқ тер босади. Бемор шу аҳволда бир неча кун ётгач ич кетиши ва қусиш босилиб, соғая бошлайди. Вабонинг ич сурмайдиган ва қустирмайдиган оғир («қуруқ») формасида бемор талвасага тушиб, ўзига келмай, бир неча соатда Улиб қолади. Замбуруғ, мишьякдан заҳарланиш, шунингдек овқатдан буладиган токсикоинфекциялар ҳам баъзан Вабога ўхшаб кечишини назарда тутиш лозим. Бемор, албатта, касалхонада даволанади.

Олдини олиш: чет эллардан Вабо ўтиб қолмаслиги учун давлат чегараларида санитария муҳофазаси чоралари кўрилади, аҳоли яшайдиган жойларни, шунингдек оқова сувларни тозалаш, сув ҳавзаларини санитария аҳволини ҳимоя қилиш, сув таъминоти, озиқ-овқат ва умумий овқатланиш корхоналари мунтазам назорат қилинади, пашша йўқотилади, санитария-гигиена чора-тадбирлари кучайтирилади ва ҳ. к. Юқорида кўрсатилган тадбирлардан ташқари, сув ва озиқовқатни юқумсизлантириш ва шахсий гигиенанинг аҳамияти катта. Вабо вибриони чидамсиз бўлгани учун сувни қайнатиб, масаллиқларни обдон пишириб, уларни Вабо вибрионларидан халос қилиш лозим. Вабо аниқланган тақдирда Соғлиқни сақлаш вазирлигига дарҳол хабар берилади, бемор албатта касалхонага ётқизилади, касаллик топилган жойда дезинфекция, дезинсекция ва карантин чора-тадбирлари амалга оширилади. Беморга яқин юрган кишилар 5 кунлик карантинга олинади ва тиббий кўрикдан ўтказилади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра ҳозир вабо касаллиги ўчоғида карантин қўлланилмайди.

Даво организмнинг сув-туз маромини ростлаш, қон, плазма, физиологик эритма, Рингер эритмаси, трисоль, дисоль, ацесоль, хлосоль, реомакродекс ва б. эритмаларни тўхтовсиз қуйиш, антибиотиклар бериш, организмнинг умумий аҳволини яхшилаш чораларини кўришдан иборат.

Жуков-Вережников Н. Н.,Мусабаев И. К.,Завьялова Н. К., Клиника, лечение и профилактика холеры, Т., 1966.

Шоносир Шоваҳобов.