ВЛАДИКАВКАЗ

ВЛАДИКАВКАЗ (осетинча Дзаужикау) (1931—44 ва 1954—90 й. ларда Оржоникидзе, 1944—54 й. ларда Дзаужикау) — РФ даги шаҳар (1860 й. дан). Шим. Осетия пойтахти, Терек дарёси соҳилида. Т. й. станцияси. Аҳолиси 325 минг кишидан зиёд (1999). Машинасозлик (электротехника, приборсозлик ва б.), рангли металлургия, кимё, шиша, ёгочсозлик, енгил, озиқ-овқат саноати корхоналари, 4 олий ўқув юрти (шу жумладан Шим. Осетия ун-ти), 4 театр, Шим. Осетия бадиий музейи, К. Л. Хетагуров номли Шим. Осетия адабиёт музейи, Хетагуров уй-музейи билан бирга Шим Осетия бирлашган музейи ва б. бор. Туризм ривожланган. Владикавказга Грузия Ҳарбий йўлини қўриқлаш учун 1784 й. рус қалъаси сифатида асос солинган.