ВИТРЕН

ВИТРЕН (лот. vitrum — шиша) — қазилма кўмирнинг асосий таркибий қисмларидан бири. Кимёвий таркиби торфларнинг ғумусли моддаларига ўхшаш. Ялтироқ, ўсимлик тўқималарининг кислородсиз нам шароитда чиришидан ҳосил бўлади. Витренда углерод кўп, қўнғир кўмирдан антрацитга ўтишда таркибидаги Н, О ва учиб кетадиган моддалар камайиб боради. Витрен турли қалинликдаги қатлам ёки линза ҳолида учрайди. Витрен кўмирнинг энг кам кулли таркибий қисми.