ВИНТОКРИЛ

ВИНТОКРИЛ (нем. Gewinde — резьба ва рус. крыло — қанот) , винт-қанотли учиш аппарати — вертолётга ўхшаб тикка кўтарила ва қўна оладиган, самолётга ўхшаб уча оладиган учиш аппарати. Унда кўтариш кучини бир ёки иккита винт ва қанотдан иборат кўтариш тизими вужудга келтиради. Кўтарилиш ва қўнишда Винтокрил худди вертолёт каби, илгарига учишда эса самолётга ўхшаб бошқарилади. Винтокрилда турбовинтли двигатель ишлатилади. Винтокрилнинг тезлиги — 500—600 км/соат, 20 т гача юк кўтара олади. Винтокрил ҳарбий мақсадларда, халқ хўжалигида (асосан, юк ташишда) чекланган кўламда қўлланилади.