ВИА

ВИА, вокал-инструментал ансамбль — мусиқий эстрада жамоаси. Иштирокчилари ўзлари чалаётган соз (асосан электрогитара)лар жўрлигида куйлашади. 1960-й. ларда чет элрок-мусиқаси таъсирида (собиқ Иттифоқ республикаларида) ташкил топган. Дастлаб ёшлар мусиқа ҳаваскорлиги шаклида (ўқув юртларида, маданият уйларида), кейинчалик профессионал, саҳнавий мусиқа ижрочилиги тарзида ривожланган. Репертуаридан ёшлар ҳаёти мавзуидаги қўшиқ ва ашулалар, композиторларнинг эстрада асарлари, қайта ишланган халқ қўшиқлари ўрин олган. «Песняры» (Белоруссия), «Веселые ребята» (Москва), «Дос-Мукасан» (Олмаота), Ўзбекистонда — «Ялла» (1971), «Наво» (1976), «Садо» (1981) каби Виалар машҳур.