ВЕСПУЧЧИ

ВЕСПУЧЧИ (Vespucci) Америго (1454, Флоренция — 1512.22.2, Севилья) — денгиз сайёҳи. Испания ва Португалия флотида хизмат қилган. 1499 ва 1501 — 02 й. ларда Жан. Американинг шимолига уюштирилган экспедицияларда қатнашган. Веспуччи биринчи бўлиб, у ерлар дунёнинг янги қитъаси деган фикрни илгари сурган ва уни Янги Дунё деб атаган. Кейинроқ лотарингиялик хариташунос М. Вальдземюллер (1505) Колумб кашф этган материкни Веспуччи шарафига Америка деб аташни таклиф этган. Кейинчалик бу ном ҳаммага манзур бўлди, 1538 й. дан Меркатор харитасидан бошлаб Шим. Америка ҳам шундай атала бошлади.