ВЕРМИШЕЛЬ

ВЕРМИШЕЛЬ (итал. vermicelli — чувалчанглар) — буғдой унидан қорилган хамирдан тайёрланадиган узун ипсимон озиқ-овқат маҳсулоти. Вермишель учун хом клейковина миқдори 75% дан кам бўлмаган олий навли ун ишлатилади. Айрим Вермишель хамирига тухум қўшилади. Қорилган хамир винтли, гидравлик, шнекли ёки жўвали прессларда 5—7 Мн/м2 (50—70 кгк/см2) босимда думалоқ тешикчалари бўлган панжара орқали ўтказилиб, чўзилади. Чўзилган хамир муайян узунликда кесилади ва 80° гача қиздирилган қуритиш аппаратларида ҳаво билан қуритилади.