ВЕРГУЛСИМОН ҚАЛҚОНДОРЛАР

ВЕРГУЛСИМОН ҚАЛҚОНДОРЛАР — тенг қанотлилар туркуми қалқондорлар оиласига мансуб ҳашаротларнинг бир неча тури, танасининг қалқони вергулсимон эгилганлиги учун шундай ном берилган. Ўрта Осиё В. қ. (Lepido-saphes mesasiatica) танаси сарғиш-малла, уз. 3,5—4,7 мм. Кенг маънода полифаг, Ўрта Осиё эндемиги. Личинкаси ва урғочиси терак, тол, наъматак, катальпа, шунингдек олма, нок ва б. мевали дарахтларда озиқланади ва кўпаяди. Йил давомида 2 насли ривожланади, тухуми дарахтларнинг танаси ва бутоқларида қалқон остида қишлайди. Эркин яшовчи насли май ойи бошларида пайдо бўлади ва ўсимликларга ёпишиб олиб, умрини охиригача бу жойни тарк этмайди. Олма вергулсимон қалқондори (Lepidosaphes ulmi) олдинги турга нисбатан оқишроқ рангда, танаси кичикроқ (2,5—3,0 мм), мевали дарахтлар (олма, нок, беҳи, шафтоли, олхўри, ўрик, гилос ва б.) га зиён келтиради. Йил давомида битта насли ривожланади. Вергулсимон қалқондорларга қарши курашиш учун кузда, эрта кўкламда дарахтлар барг ёзмасдан олдин 8% ли минерал мой эмульсияси пуркалади.