ВЕНЕПУНКЦИЯ

ВЕНЕПУНКЦИЯ (веналар ва лот. punctio — санчиш) — диагностика (контраст модда юбориб рентген қилиш) ёки даволаш (дори юбориш) мақсадида вена қон томирига нина санчиш. Агар венага пункция орқали катетер қўйилса, бир неча кунгача дори юбориб туриш ҳам мумкин. Кўпинча ўмров ости ва уйқу веналари пункция қилинади. Жуда зарур ҳоллардагина (аҳволи оғир беморга сурункасига ва кўп миқдорда қон ва б. суюқ дорилар юбориш лозим бўлганда) Венепункция қилиш тавсия этилади, акс ҳолда пункция қилинган жой ва атрофидаги аъзоларнинг шикастланиши, венанинг яллиғланиши — флебит, тромбофлебит, тромбоэмболия каби асоратлар рўй бериши мумкин.