ВЕЛАСКЕС

ВЕЛАСКЕС, Родригес де Сильва Веласкес (Rodrigues de Silva Velasquez) Диего (1599.4 ёки 5.6, Севилья — 1660.6.8, Мадрид) — испан рассоми, жаҳон реалистик санъатининг йирик намояндаси. Веласкес асарлари дадил, аник, кузатишлари, яратаётган характерини чуқур билиши, уйғунликни ўткир ҳис этиши, нозик ва бой колорити билан ажралиб туради. Дастлаб халқ маиший ҳаётидан лавҳалар яратган («Нонушта», тахм. 1617; «Сув сотувчи», тахм. 1620 ва б.). 1623 й. дан Мадридда сарой рассоми. Қирол тўпламлари (кўпроқ Тициан асарлари)ни ўрганиш ҳамда П. Рубенс билан учрашув Веласкес маҳоратини камолга етказди, дунёқарашини чуқурлаштирди. Веласкес ўз даври санъатида ҳукм сурган шартлиликни дадил бузиб, мавжуд ҳаётни борича акс эттирувчи кенг умумлашма мазмунли асарлар яратиш йўлларини излади. «Бреда қалъасининг таслим бўлиши» (1634) асари Европа санъатида тарихий жанрда яратилган муҳим реалистик асар бўлиб, унда инсонийлик, ғолиб ва мағлублар ўртасидаги ахлоқий муносабатлар холисона ёритилган.

Веласкеснинг портрет устаси сифатида шаклланишида сарой ҳаёти муҳим роль ўйнади, инсонни чуқур ўрганишга, гердайган ва совуқ илтифот ниқоби остига яширинган қалб ҳолатига кириб боришга ўргатди. Портретлар («Герцог Оливарес», «Инфант Бальтасар Карлос», 1634 — 35), сарой аҳли, дўстлари, шогирдларининг бел ва кўкрак қисмигача тасвирланган қиёфаларини яратди. «Венера ойна қаршисида» (1651) асарида янгича композиция ечимини топган. «Медичилар вилласи» (1650—51) ва б. асарларида табиатнинг яхлит тасвирий образларини яратган. Ҳаётининг сўнгги йилларида машҳур «Лас Менинас» (1656), «Чархчилар» (1657) каби асарлари дунёга келди.