ВЕКСЕЛЬ (нем. Wechsel — айирбошлаш) — кўрсатилган муддатда муайян миқдордаги пулни тўлаш мажбурияти қайд этилган қарздорлик ҳақидаги расмий ҳужжат; қимматли қоғоз. У универсал тўлов, кредит ва ҳисоб воситаси бўлиб, халқаро савдода тўлов мажбурияти; қисқа муддатли (6 ой) тижорат-кредит воситаси; банклараро узоқ муддатли муносабатларни шакллантирувчи восита; банклардан ссуда олиш учун гаров (шунингдек тижорат банки марказий банкдан ссуда олишда берадиган гаров) тарзида кенг қўлланилади. Вексельнинг асосан оддий Вексель (қарздор томонидан муайян суммани белгиланган муддатда қайтариш ҳақида қарз берувчи олдидаги мажбурият), ўтказма Вексель (қарз берувчининг қарзни Вексельни тақдим этувчига ёки ҳужжатда кўрсатилган шахсга тўлаш ҳақидаги буйруғи), хазина В. (ўз харажатларини қоплаш учун давлат томонидан чиқарилади), молия В. (бир банк бошқа банкка қарз пули олиш учун беради), тижорат В. (товар эгасига гаров тарзида берилади) ва б. турлари бор.
Вексель ҳисоб воситаси ва айирбошлаш ҳужжати сифатида Европа мамлакатларда 17-а. да шаклланди. 19-а. нинг охиридан бошлаб Туркистондаги хусусий тижорат банклари савдо-сотиқда Вексель муомаласини кенг йўлга қўйган. Собиқ Иттифоқда, шу жумладан Ўзбекистонда Вексель янги иқтисодий сиёсат даврида (давлат ҳамда кооператив корхоналар ўртасидаги муносабатларда) ҳам ишлатилган. 1930—32 й. лардаги кредит ислоҳотида бевосита мақсадли банк орқали кредитлашга ўтилиши билан мамлакат ичида Вексель муомаласи тугатилган. Бошқа кўпгина давлатларда Вексель муомалалари 1930 й. Женевада қабул қилин-ган «Вексель тўғрисида»ги конвенцияга мувофиқ олиб борилади. Унда Вексельнинг куйидаги мажбурий унсурлари бўлиши қатьий белгиланган: В. белгиси — «Вексель» ёзуви; В. да кўрсатилган суммани сўзсиз тўлаш мажбурияти; қарз тўловчи ва биринчи Вексель эгасининг номи; ремитент номи; тўлов муддати ва жойи; В. тўлдирилган сана ва манзил; В. берувчининг имзоси.
Вексельни амал қилиш муддатини чўзиш (В. пролонгацияси) қонунга мувофиқ ёки трассант ва трассатнинг ўзаро келишуви асосида амалга оширилади.
ЎзРнинг 1993 й. 2 сент. даги «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги қонунига мувофиқ 1994 й. дан бошлаб Ўзбекистонда Вексельлар муомалага киритилди. Вексельлар нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг энг қулай воситаси сифатида корхона ва ташкилотларда кенг қўлланилади.
Эсон Эгамов.