ВЕДА ДИНИ

ВЕДА ДИНИ — мил. ав. 1-минг йилликда Ҳиндистонда вужудга келган дин. Ведалар орқали маълум. Ҳиндуизм дини шаклланишининг дастлабки босқичи. Веда динида дастлаб табиат кучлари ва ҳодисалари антропоморфик (инсон қиёфасига ўхшатиб) тасаввур этилган. Веда динида яхши ва ёмон худолар, рухлар ҳақидаги тасаввурлар асосий ўрин эгаллади. Унда политеизм (кўпхудолик) ҳукмрон бўлган. Веда динида сиғиниш маросимлари асосан худоларга қурбонлик қилиш, овқат, ҳайвонлар келтириш ва турли урф-одатларни бажаришдан иборат бўлган. Кейинчалик коҳинларнинг алоҳида қатлами — браҳманлар ажралиб чиқиб, диний маросимлар тизими мураккаблашди. Веда динининг кейинги эволюцияси натижасида браҳманизм вужудга келди.