ВЕБЕР АППАРАТИ

ВЕБЕР АППАРАТИ (немис олими Э. Г. Вебер номи билан аталган) — айрим суякли балиқларда сузгич пуфагини ички қулоқ билан боғлаб турадиган, ўзаро ҳаракатчан туташган 4 жуфт суякчалар. Вебер аппарати сузгич пуфаги (товуш резонатори) ҳажмининг ўзгаришини қабул қилиб, уни трансформация қилади ва ички қулоққа ўтказади. Вебер аппаратига эга бўлган карпсимонлар, лаққалар, харацинсимонлар 13 кГц гача, бу аппаратга эга бўлмаган балиқлар фақат 2,5 кГц гача частотали товушларни эшита олади.