ВАЗИРОВ

ВАЗИРОВ Нажафбек (Фаталибой ўғли) [1854. 5(17). 2, Шуша – 1926. 9. 7, Боку] — озарбайжон драматурги, публицист, жамоат арбоби. Озарбайжон замонавий театрининг асосчиларидан. Илк бор Бокуда (озарбайжон тилида) Мирза Фатали Охундовнинг «Ленкорон хонининг вазири» ва «Ҳожи Қора» комедияларини саҳналаштиришда иштирок этган (1873). «Эти сизники, суяги бизники» (1873), «Уй тарбиясининг бир шакли» (1875) комедияларида эски ўқитув усули, ибтидоий таълим шакли танқид қилинади. «Бахтсиз» (1874) драмасида аёлларнинг қисмати, турмушдаги ҳуқуқсизлиги тасвирланади. «Мусибати Фахриддин» (1896) озарбайжон драматургиясидаги биринчи фожиавий драмадир. «Уй тарбиясининг бир шакли», «Мусибати Фахриддин» асарлари Абдулла Авлоний томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкентдаги «Турон» театр труппаси томонидан саҳналаштирилган.