ВАЗИР

ВАЗИР (араб. — юк кўтарувчи) — ўрта асрларда Яқин ва Ўрта Шарқ давлатларида, шу жумладан Ўрта Осиё хонликларида ҳукумат идораси ёки кенгаши (девон) бошлиғи. Вазирлар вазири аъзам раҳбарлигида давлатни идора этиш вазифалари билан шуғулланган. Вазирлар подшоҳ, хон вилоят ҳокимлигига тайинлаган шаҳзода ва хонзодаларнинг ёрдамчилари ҳисобланган. Араб халифалигида Вазир лавозимини 1-булиб халифа ал-Мансур (754—775) жорий этган. Сомонийлар даврида 10 девон бўлиб, уларни хожайи бузург, соҳиб барид, мушриф, вакил, мухтасиб ва б. вазирлар бошқарган. Амир Темур ва унинг ворислари замонида салтанатнинг марказий маъмуриятини бош вазир — девонбеги бошлиқ 7 В. дан иборат аркони давлат бошкарган. Улар:

1) мамлакат ва раъият ишлари,

2) ҳарбий ишлар,

3) ти-жорат,

4) молия ишлари бўйича Вазирлар саналиб, яна 3 нафар махсус Вазир чегара вилоятлари ва тобе мамлакатлардаги ишларни назорат қилиб турган. Маз-кур 7 В. девонбегига бўйсунган ва улар билан бамаслаҳат давлатнинг муҳим молиявий ишларини олиб боришган. Хива хонлигида Вазир юқори мансабдор шахс саналиб, вазифаси солиқ тўплаш, қўшни хонликлар билан алоқа қилиш, амалдорларни тайинлаш ва ҳ. к. дан иборат бўлган.

Хўжалик ёки бошқарувнинг алоҳида бир соҳасига раҳбарлик қилиб келган амалдорларни собиқ шўролар даврида комиссар, министр, ана шу бошқарув оргамини эса комиссарлик, мини-стрлик сўзлари билан аташ расм бўлган эди. Бу атамалар Ўзбекистонда ҳам мустақиллик йилларигача қўлланиб келиниб, кейин вазир, вазирлик истилоҳлари билан алмаштирилди.