ВАЗИР

ВАЗИР — Хоразм воҳасининг ўрта аср шаҳар-қалъаларидан бири. Тарихий манбаларга кўра, шайбонийлардан Мустафохон томонидан 15-а. ўрталарида асос солинган. Кўҳна Урганчдан 60 км масофада. Шайбонийларнинг Хоразмдаги мулки маркази. 15-а. Да Ҳусайн Бойқарога қарши кўтарилган халқ ҳаракати маркази. 16-а. да Эрон шоҳи Исмоил I Сафавий истилосига қарши Вазирда кўтарилган ҳаракат Хоразм мустақиллигини тиклади. Хонлик тахтига Бурка Султон ўғли Элбарс ўтқазилиши б-н Хоразмда 200 й. ҳукмронлик қилган шайбонийлар сулоласига асос солинди. Шайбоний султонларнинг 16-а. даги ўзаро курашларининг кучайиши Вазирнинг вайрон бўлишига олиб келди. Мас., 1537 й. да Бухоро хони Убайдуллахон, 1593— 98 й. ларда Абдуллахон Хоразмга бир неча марта юриш қилиб, Вазир, Ҳазорасп қалъаларини вайрон қилди. Шунинг учун ҳам 17-а. да Абулғозий Баҳодирхон хонлик марказини Янги Урганчга ўтказиб, Вазир аҳолисини ҳам кўчиртириб келтирди. Анушахон даврида, тахм. 1681 й. га келиб Вазир ва Кат ш. лари кимсасиз ҳувиллаб қолди. Археологик қазишлар натижасида Девкескан калъада Вазир харобалари топилган.