ВАЗА

ВАЗА (франц. vase, лот. vas — идиш) — мева, гул ва б. нарсалар учун ишлатиладиган бадиий буюм. Сопол, шиша, чинни, металл ва б. хом ашёлардан турли шаклларда ясалади, бўяма, ўйма, чизма ва бўртма нақш, тасвирлар билан безатилади. Ваза тайёрлаш ва безаш антик санъатда муҳим ўрин эгаллаган: кора ва қизилга бўялган тайёр Вазага рассом нақш, тасвир ишлаган, кейин кора лок билан бўяган; қолиплар ёрдамида ҳам Ваза тайёрланган. Юнонларнинг бу санъати Европада Вазани тайёрлаш ва безаш санъати учун намуна бўлиб хизмат қилган. Ўрта Осиёда ҳам қадимдан Ваза тури (кўза, кўра, амфора ва б.) тайёрланган, улар нақш, тасвирлар билан безатилган, араблар истилосидан сўнг эса услублаштирилган ўсимликсимон ва гириҳ нақшлар б-нгина безалган. Ҳозирда ЎзРдаги чинни з-дларда, кулоллик устахоналарида безатилган, бадиий қимматли (тасвирлар, машҳур кишиларнинг портрети ишланган) Ваза турлари кўплаб ишлаб чиқарилади.