ВАСВАСА

ВАСВАСА — одамда ғайритабиий, ҳақиқатга тўғри келмайдиган, хато, бемаъни ғояларнинг пайдо бўлиши, фикрлаш ва фараз қилиш қобилиятининг бузилиши, руҳий касалликларнинг асосий белгиларидан бири. Васвасага учраганларнинг ақл-фаросати, онги теран бўлса ҳам, баъзи воқеа ва ҳодисалар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ўзгариб, нотўғри хулосалар чиқарадилар. Mac, ҳаётда содир бўлаётган воқеаларни тартиб билан сўзлаб берсалар ҳам, уларнинг мазмун ва моҳиятини изоҳлашда маъносиз фикрлар айтадилар. Ўзларини руҳан соғлом ҳис қилиб, хато фикрларини ҳақиқат деб тушунадилар, бунинг нотўғрилигини исботламоқчи бўлган кишиларга муносабат ва хатти-ҳаракатлари тубдан ўзгаради. Васваса турлари кўп:

1) кузатиш, ҳадиксираш Васвасасида бемор содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни ўзига тегишли деб, уни бадном қилиш мақсадида уюштирилган фитна деб ҳадиксирайди. Ўзаро суҳбатлашиб ёки чақчақлашиб ўтирган одамларни учратганда, мени мазах қилиб кулишмоқда деб ўйлайди. Бадиий асарлар ўқиганда, радио эшитганида, телевизор кўрганида буларнинг ҳаммаси менинг тўғримда деб хаёл қилади, шунинг учун ўзини кўпчилиқдан тортади, уйига беркиниб олади;

2) жисмоний таъсирланиш Васвасаси — бемор организмида азоб берувчи сезгилар ҳис этиб, бу — рақибларим кашф этган махсус аппаратлар ёрдамида юборилаётган кўринмас нурлар, тўлқинлар, электр қуввати, гипноз ёки сеҳр таъсирининг натижасидир, деб ўйлайди. 3) заҳарланиш В. сида бемор овқатлангач ўзини ёмон ҳис қилиб, буни «душман»ларидан кўради ва овқатдан воз кечади ёки «заҳарсиз таомлар» излайди. У «душман»лари устидан бошқаларга арз қилади ёки идоралардан ёрдам сўрайди, баъзан бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўладиган тадбирлар кўриши мумкин;

4) камситиш, гадолик ва тунаш Васвасаси — кўпинча кексаликдаги касалликларда, хотираси пасайган кишиларда учрайди. Бундай бемор қандайдир одамлар уни тунаганлиги, натижада гадо бўлиб қолгани, қариндош-уруғлари камситиб хўрлаётгани ҳақида шикоят қилиб юради;

5) рашк Васвасасида эр ёки хотин бирбирини вафосизликда айблайди; хаттиҳаракати, юриш-туриши, бошқалар билан муносабатидан вафосизлик аломатларини ахтариб, пойлаб юради, ўз шубҳасини исботлаш учун маъносиз, аҳмоқона далиллар келтиради. Беморнинг бутун хаёлини шу фикр чулғаб олади, баъзан умр йўлдоши ёки гумон қилган кишисига шикаст етказиши ҳам мумкин; 6) улуғлик, бадавлатлик ва кашфиёт В. си — бемор ўзини мулкдор ёки доно, қудратли, ижодкор ёки оламшумул ихтирочи, деб ҳисоблайди. У ўзича ёзади, схемалар чизади, янги назариялар яратади. Ташкилотларга бориб, ўзини тан олишни, такдирлашни талаб қилади;

7) ўзини айблаш ва камситиш Васвасаси асосан руҳий тушкунликка тушган кишиларда учрайди. Улар ўзларини оила, жамият олдида пасткаш, гуноҳкор, ярамас одам деб ҳисоблайдилар ва кўпинча ўзларини нобуд қилишга интиладилар;

8) хасталик Васвасаси, ипохондрик Васваса — бемор ўзини ўлай деб турган оғир касал деб ҳис қилади, назарида ташқи қиёфаси ўзгаргандек, рак ёки таносил аъзолари касалликларига дучор бўлгандек туюлади. Мияси, ички аъзолари чириб, юрак фаолияти ва томир уриши тўхтаб қолгандек туюлади, ўзини аллақачон ўлиб кетган деб ўйлайди. У фақат касаллиги тўғрисида ўйлаб, атрофдаги воқеа ва ҳодисаларга қизиқмай қўяди. Баъзи беморлар ичида қандайдир аппаратлар ёки ҳайвонлар бордек сезади ва дарҳол операция қилишларини талаб этади. Васвасанинг бу тури бош миянинг органик касаллиги бўлган одамларда кўп учрайди. Васваса бўлган беморлар руҳий касалликлар шнфохонасида даволанади. Мирқобил Ҳалилов.