ВАРАХША

ВАРАХША — қад. шаҳар харобаси. Бухородан 40 км шим.-ғарбда, Дашти Урганжи кўлининг қад. Ражфандун воҳасида жойлашган. Варахша майд. 9 га ва бал. 10 — 20 м ли улкан тепа шаклида сақланган. Варахша ва унинг атрофида Варахша Шишкин (1937-39, 1947-54) кенг кўламда археологик тадқиқотлар олиб борган; А. Муҳаммаджонов (1975—77), О. В. Обельченко (1977—79), Г. В. Шишкина (1987—90) ҳам Варахшанинг айрим қисмларида қазишмалар олиб боришган. Археологик қазишмалардан маълум бўлишича, Варахша мил. ав. 2-а. да бир-бирига туташган бир нечта истеҳкомли қишлоқлар тарзида қад кўтарган. Варахша харобаларининг шим.ғарбида қад. қўрғонлардан бирининг ташқи девори ҳамда ярим доира шаклдаги буржи (ички саҳни 4,5×5 м) кавлаб ўрганилган. Девор (қалинлиги 1,8—1,9 м) хом ғиштдан (ҳажми 37x41x10 см) қурилган. Девор ва буржларида пайконсимон нишон туйнуклари (ички томони 38—40 см, ташқариси 75—80 см, кенглиги 20—22 см) очилган. Мил. ав. 2 — 1-а. ларда ва мил. 1 — 2-а. ларда Варахша ва унинг атрофида маданий ҳаёт гуллаган. 3—4-аларда Варахша таназзулга учраган. 5-а. да Варахша яна тикланиб Бухоронинг қад. ҳукмдорлари — бухорхудотларнинт қароргоҳига айланган. Шу даврда Варахша мустаҳкам девор билан ўралган, унинг жан. қисмида арк қурилган. 8—10-а. ларда айниқса обод бўлган. Варахша ва унинг атрофлари 12 канал билан суғорилиб, Ражфандун воҳасидаги энг йирик ва марказий қалъалардан бирига айланган. Бухоро ва Хоразм оралиғидаги карвон йўли Варахша орқали ўтган (Истахрий ва Ибн Ҳавқал маълумотлари). Ҳар ўн беш кунда Варахшада бир кунлик, йил охирида 20 кунлик бозор сайли (наврўзи кашо варзон, яъни деҳқонлар янги йили) ўтказилган (Наршахий). Бухорхудотлар қароргоҳи қилиниши билан Варахша йирик шаҳарга айланган. 11—12-а. ларда унинг ҳудуди энига 6 км дан зиёд бўлган. 12-а. да Варахша воҳасидаги ҳаёт тўсатдан номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолган.

Меъморлиги ва санъати. 1949— 54 й. ларда Варахша тарихи ва меъморлиги ўрганилди. Квадрат шаклдаги йирик хом ғиштлардан қўшминора тарзида ўраб чиқилган тагкурси (бал. 15 м)ларнинг бирига подшо capoйи ва иккинчисига соқчихонали дарвозахона бино қилинган. Аркнинг шарқий қисмида томи равоқсимон гумбаз тарзида ёпилган узун йўлаксимон (навкархона ва дарвозахона) хоналар мавжуд бўлган. Аркнинг марказида жан. томони мудофаа деворига ёндошган Варахша ҳукмдорининг саройи жойлашган. У Шарқий (11,5×17 м) ва Ғарбий (6,6×7,25 м) меҳмонхона ҳамда Қизил хона (зал) (8,5×12 м) лардан иборат бўлган. Сарой ғарб томонидан 3 равоқли ганчкори устунлар ўрнатилган ҳашаматли пешайвон билан ўралган. Айвон равоқларининг устунлари ва тоқилари ганчкори қабартма тасвирлар ҳамда турли хил гирихлар билан безатилган. Саройнинг Кизил хона ва Шарқий меҳмонхоналари тўла кавлаб очилган. Хона деворлари майда сомонли лой сувоқ устидан юпқа ганч сувоқ қилиниб, деворий расмлар қизил, сариқ, кулранг, қора, зангори, пушти ва жигарранг бўёқлар билан безатилган. Уларда турли хил манзаралар, фил минган шаҳзода ва чокарларнинг олд ва ортдан човут солган қоплонлар билан олишуви; қайрилиб нишонга камондан ўқ узаётган от устидаги чавандоз, қанотли туя шаклидаги олтин тахтда ўтирган ҳукмдор тасвирланган. Шарқий меҳмон-хона деворида тиз чўкиб, қўлида қадаҳ тутган малика, белида шамшир, бир қўлида қисқич ушлаган подшоҳ, ўртада вазасимом оташгохда ёниб турган муқаддас олов-азархурро, оташгохдан ўнгда белига ханжар тақилган шаҳзоданинг тиз чўкиб ибодат қилаётган тасвири ёки совут ва дубулға кийган, қўлларида найза, қалқон ушлаган суворийларнинг жанг қилаётган, шунингдек бутазор, тўқай ичидаги ов манзараси каби тасвирлар айниқса диққатга сазовордир.

Археологик топилмалардан аниқланишича, жан. хоналарнинг иккинчи қаватидаги хона ганчкори нақшлар б-н безатилган экан. Кўплаб топилган қабартма ганчкори нақшлар орасида ҳовузда сузиб юрган балиқлар, елкасидан ўқ еган архар, елиб бораётган жайран, беданалар, аёл бошли бахт қуши — Ҳумо, ҳамлага тайёрланаётган аждарҳо, тақимига садоқ боғлаган суворий ҳамда кўпдан-кўп аёлларнинг бош қисмлари б-н бир қаторда турли хил ислимий ва гириҳ парчалари учрайди.

Ад.: Шишкин Варахша, Варахша, М., 1963; Наршахий, Бухоро тарихи, Т., 1966.

Абдулаҳад Муҳаммаджанов.