ВАҚТ БЮДЖЕТИ

ВАҚТ БЮДЖЕТИ, аҳолининг вақт бюджети — айрим ходимлар ва улар оиласи ҳамда муайян аҳоли гуруҳларининг ўз вақтини нималарга (мас., меҳнат қилиш, дам олиш, ўқиш ва б.) сарфлашини ифодаловчи кўрсаткичлар мажмуи. Вақт бюджети 2 га бўлинади:

1) иш вақги (ҳақиқий иш вақти, унумсиз хатти-ҳаракатлар, ишдаги белгиланган танаффуслар, смена қабул қилиш ҳамда топширишга кетган вақт ва ҳ. к.);

2) ишдан ташқари вақт (уй-рўзғор юмушларига, ишга бориб-келишга, физиологик ва маънавий эҳтиёжларни қондиришга, мас., ухлаш, овқатланиш, маълумотни ошириш, дам олиш ва б. га кетган вақт). Вақт бюджети маълумотлари аҳоли турмуш даражасини қиймат ва натурал кўрсаткичлар воситасида тадқиқ этиш мумкин бўлмаган алоҳида томонларини ўрганишга ёрдам беради. Вақт бюджетини ўрганиш, асосан 20-а. нинг 20-й. ларидан бошланган (акад. С. Г. Струмилин ва б.). В. б. тадқиқотларини социолог ва иқтисодчилар ўтказади. 1959 й. да БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти Вақт бюджетини тадқиқ қилувчи халқаро социологлар гуруҳи ташкил этган. Бундай тадқиқотлар Германия, Япония, АҚШ сингари кўплаб мамлакатларда олиб борилади. Вақт бюджетини ўрганиш асосида меҳнат самарадорлигини ошириш, турмуш ва дам олишни оқилона ташкил этиш тадбирлари ишлаб чиқилади. Яна қ. Бўш вақт.