ВАНУАТУ

ВАНУАТУ, Вануату Республикаси (Ripablik blong Vanuatu) — Тинч океаннинг жан.-ғарбий қисмида жойлашган Янги Гебрид о. лари (80 оролдан иборат) даги давлат. Бу оролларнинг энг йириклари Эспириту-Санто, Амбрим, Малекула, Маэво, Эфате. Майд. 12 190 км2. Аҳолиси 189,6 минг киши (1990-й. лар охири). Пойтахти — Порт-Вила ш. Маъмурий жиҳатдан 6 провинцияга бўлинган.

Давлат тузуми. В. Республикаси Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстликка киради. Амалдаги конституция 1980 и. 30 июлда қабул қилинган. Давлат бошлиги — президент. У парламент томонидан 5 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни бир палатали парламент амалга оширади. Парламент аъзолари аҳоли томонидан 4 й. муддатга сайланади. Ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Ороллар ер юзаси вулкан жинсларидан тузилган тоғлик (энг баланд нуқтаси 1810 м). 60 га яқин вулкандан 10 таси ҳаракатда. Ороллардаги тоғлар орасида текис ерларда деҳқончилик қилинади. Кўпгина иссиқ булоқлар мавжуд. Олтингугурт, марганец конлари бор. Иклими — нам, тропик. Ўртача ойлик т-раси 20—27°. Йилига 1000 мм гача ёғин ёғади. Сершамол шарқий қияликларда тропик ўрмонлар, ғарбда Ирак ўрмон.

Аҳолиси асосан меланезлар (95% га яқини). Инглизлар, микронезлар, полинезлар, французлар ва б. ҳам яшайди. Шаҳарларда 18,4% аҳоли истиқомат қилади. Расмий тили — инглиз ва француз тиллари; давлат тили — бислама тили. Диндорларнинг аксарияти — христианлар (аҳолининг 90% и). Йирик шаҳарлари — Порт-Вила, Луганвиль.

Тарихи. Вануатуда бир неча минг йиллардан бери одамлар яшайди. Тахм. 4 минг йил аввал Янги Гебрид архипелагининг шим. ва марказий оролларига кўчиб келган кишилар шу ерда ўрнашиб қолди. Ороллар португалияликлар томонидан 1606 й. да кашф этилган. 1774 й. да ороллар инглиз сайёҳи Ж. Кук томонидан тадқиқ этилган ва Европадаги Гебрид оролларига ўхшашлиги учун Янги Гебрид деб аталган. 1906 й. дан Буюк Британия билан Франциянинг муштарак мустамлакаси бўлган. Маҳаллий аҳолининг кўп йиллик озодлик кураши натижасида Вануату 1980 й. 30 июлда мустақил деб эълон қилинди. Вануату — 1981 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами —30 июль — Мустақиллик куни (1980).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. В. лейбористлар партияси, 1986 й. ташкил этилган; Вануаку партияси, 1971 й. тузилган; Миллий демократик партия, 1986 й. да асос солинган; Меланезия тараққийпарвар партияси, 1988 й. да тузилган; Халқ демократик партияси, 1994 й. да асос солинган; Миллий бирлашган партия, 1991 й. да ташкил этилган; Янги халқ партияси, 1986 й. да тузилган; Мўътадил партиялар иттифоқи, 1980 й. да тузилган. Вануату касаба уюшмалари кенгаши, 5 тармоқ касаба уюшмаларини бирлаштиради. Хужалиги. Иқтисодиётининг асоси — қ. х. Меҳнатга қобилиятли аҳолининг 70% қ. х. билан банд. Кокос пальмаси, ямс, какао, шакарқамиш, кофе, пахта экилади. Қорамол, қўй, эчки, парранда бокилади, балиқовланади. 1995 й. ялпи ички маҳсулотда саноат улуши 13% ни ташкил этди. Унда меҳнатга қобилиятли аҳолининг 3,5% банд бўлди. Қимматбаҳо ёғоч тайёрланади. Марганец қазиб олинади (Эфате о. да). Шунингдек, нефть, олтин, мис заҳиралари бор. Қ. х. маҳсулотларини қайта ишловчи, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. 80-й. ларнинг охиридан қурилиш авжолди. Сайёҳлик ривожланган; йилига ўртача 45 мингга яқин сайёҳ келиб кетади. Вануатуда т. й. йўқ. Автомобиль йўллари уз. —1,1 минг км. Асосий денгиз порти ва халқаро аэропорти Порт-Вила ш. Шунингдек, Луганвиль, Паликоуло ва Санту денгиз портлари ҳам бор. Вануату четга копра, марганец рудаси, балиқ, гўшт, кофе, какао, ёғоч чиқаради. Четдан озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, тамаки, кимёвий маҳсулотлар, дастгоҳ ва транспорт жиҳозлари олади. Ташқи савдодаги мижозлари — Япония, Австралия, Янги Зеландия, Франция, Янги Каледония, Фижи, Нидерландия. Пул бирлиги — вату.

Маданияти. Вануатуда «Вануату уикли» (инглиз, француз ва бислама тилларида, 1980 й. дан), «Трейдинг пост» («Савдо почтаси», инглиз тилида) ҳафталик газ. лари чиқади. 1987 й. дан Пакньюс минтақавий ахборот агентлиги мавжуд. Вануатуда «Вануату телерадиоэшиттириш корпорациясп» фаолият кўрсатади. Вануату радиоси 1966 й. дан (инглиз, француз ва бислама тилларида) ишлайди.

Вануату мактабларида таълим инглиз ва француз тилларида олиб борилади. Ўқиш бепул. Бошлангич мактабга болалар 6 ёшдан қабул қилинади. 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларнинг 85% га яқини давлат бошланғич мактабларига боради. Бу мактабларнинг сони 270 дан ортиқ. Ўрта мактабларга болалар 12 ёшдан қабул қилинади; унда ўқиш муддати 7 й. Ўрта мактабларда 4269 ўқувчи ўқийди. Давлат мактабларидан ташқари, хусусий ва миссионерлик мактаблари ҳам бор. Бошланғич мактаб ўқитувчиларини пед. коллежлари тайёрлайди. 1989 й. майда Порт-Вила ш. да Жан.-Тинч океани унтининг филиали очилган. Порт-Вила ш. да шунингдек, Маданий марказ ҳамда унинг музейи ва кутубхонаси бор.