ВАНИНИ

ВАНИНИ (Vanini) Жулио Чезаре (тахаллуси Лючилио) , (1585, Тауризано, Неаполь яқинида — 1619.9.2, Тулуза) — италиялик файласуф, руҳоний. В. ўз асарларида қад. атеистларни танқид қилиш баҳонасида улариинг асл қарашларини очиқдан-очиқ баён этган. Унга кўра, худо табиат билан чексиз борлиқ сифатида қўшилиб, бир бутунликни ташкил қилади. Ванинининг таъкидлашича, табиат ўз моҳиятига кўра ҳаракатдан бенасиб, у ўзидан ташқаридаги фаол илоҳий кучга муҳтождир. Худо ва табиатнинг бирлиги уларнинг хеч бирига путур етказмайди. Олам ягона ва абадийдир, лекин унинг муайян кўринишлари доимий ўзгаришда бўлади. Руҳ билан модда ажралмасдир. Руҳ абадий эмас, унинг ибтидоси ва интиҳоси бор. Ҳар қандай мўъжизавий ҳодиса моҳиятини инсон ақл-фаросати орқали асослаб бериш мумкин. Ванинининг фикрича, инсондаги ҳар қандай руҳий жараён иқлим, насл-насаб, фазовий жисмларнинг таъсирида содир бўлади. Одамлар жуссасидаги тафовут улардаги маънавий фазилат ёки иллатларни келтириб чиқаради. Ванини атеизм ва бидъатда айбланиб, инквизиция томонидан гулханда ёқиб юборилган.