ВАН ЭЙК

ВАН ЭЙК (van Eyck) Ян [тахм. 1390, Маасейк (?), Лимбург —1441.9.7 да дафн этилган, Брюгге] — нидерланд рассоми, Нидерландия илк Уйғониш даври санъати асосчиси. Алтар учун ишланган маҳобатли линий мавзудаги мужассамотлар Ван Эйк ижодининг чўққисидир; ўзидан олдинги рассомларнинг ютуқларини ривожлантирди ва бойитди, анъанавий саҳналарни мавжуд оламнинг улуғвор ва гўзал тасвирига айлантирди: «Гент алтари» полиптихи (Гентдаги Авлиё Бавон соборида), «Канцлер Ролен Биби Марями» (тахм. 1436, Луврда, Париж) ва б.

Европа рангтасвирида йирик портретчилардан бўлган Ван Эйк ижодида портрет алоҳида жанрга айланди, кўкраккача, ярим бурилган ҳолатдаги портрет тури асосчиларидан («Тимофей», 1432; «Қизил бош кийимдаги киши», 1433; «Эр-хотин Арнольфинлар портрети», 1434; «Рассомнинг рафиқаси Маргарита ван Эйк», 1439 ва б.). В. Э. ижоди ўзидан кейинги санъаткорлар (мас., Италияда Антонелло да Мессина ва б.)га кучли таъсир кўрсатган.