ВАЛЮТА ТИЗИМИ

ВАЛЮТА ТИЗИМИ — валюта ҳаракати билан боғлиқ иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатлар мажмуи. Валюта тизими валюталар, улардан фойдаланиш ва ўзаро алмашинув, тўлов воситаси сифатида қўлланилиши, шунингдек валюталарни ишлатиш билан боғлиқ пул-кредит муносабатларининг қоида ва тадбирлари мажмуидан иборат. Шунингдек валюталарни чиқариш ва уларнинг муомалада бўлишини тартибга соладиган органлар ҳам Валюта тизимига киради. Миллий, минтақавий (мас., Европа), жаҳон Валюта тизими лари мавжуд. Валюта тизимининг асосий вазифаси мамлакат ичида ва мамлакатлараро пул ҳисобкитобларини таъминлаш учун шароит яратишдир. Валюта курси тартиботи, валюта чеклашарининг бор ёки йўқлиги, халқаро ҳисоб-китоблар шакли, валюталарни ўзаро қайтариш шартлари, халқаро валюта ва олтин бозорлари тартиботи, халқаро валюта-кредит ташкилотларининг ҳуқуқий ҳолати (мас., Халқаро валюта фонди) кабилар Валюта тизимининг асосий унсурларини ташкил этади. Дастлаб миллий хўжалик доирасида пайдо бўлди. Жаҳон бозорининт вужудга келиши билан жаҳон Валюта тизими ҳам шаклланди. 20-а. бошида жаҳон Валюта тизими ўз тараққиётининг юксак босқичига етди (қ. Олтин стандарт). Капитализмнинг умумий инқирози даврида жаҳон Валюта тизими ҳам инқирозга юз бурди, олтин муомала ва тўлов воситаси вазифасини йўқотди. Ҳоз. халқаро ҳисобларнинг кўпчилиги нақд пул иштирокисиз, банк ўтказмалари воситасида амалга оширилсада, лекин олтин мамлакатларнинг ўзаро пул олди-бердисини ва мажбуриятларини тартибга солиб турувчи сўнгги асосий восита ҳисобланади. Унинг хазинадаги заҳиралари эса валюталар барқарорлиги ва айрим мамлакатлар иқтисодий имкониятларининг муҳим кўрсаткичидир. Халқаро тўлов муомалаларида қоғоз валютадан фойдаланилади. Бунда АҚШ доллари, Германия маркаси, Япония иенаси, Франция франки, Англия фунт стерлинги ва б. валюталарнинг салмоғи катта.