ВАЛЮТА ЖИНОЯТЛАРИ

ВАЛЮТА ЖИНОЯТЛАРИ — валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш, ўтказиш, корхона, муассаса ва ташкилотларда валюта операцияларини амалга оширувчи шахслар томонидан валюта бойликларини яшириш, мазкур операцияларни бажариш тартибини бузиш билан боғлиқ жиноятлар. Ўзбекистонда амалдаги қонунларга биноан мазкур жиноятлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган (ЎзР МЖК 170-171-моддалар, ЎзР ЖК 177—178-моддалар). Мас., Ўзбекистон сўмига алмаштириш; товарлар билан айирбошлаш; қарзга олиш, тўлов воситаси сифатида, ҳар қандай жиноий ва ҳ. к. йўллар билан олинган; шунингдек ўзида ёки ўзидаги бошқа бировга тегишли бўлиб, тўлов воситаси сифатида. алмаштириш орқали, қарзга бериш, судхўрлик тўлови сифатида ва ҳ. к. йўллар билан бировнинг тасарруфига ўтказилган валюта бойликлари миқдорига қараб, тегишли жазо чоралари белгиланган. Ўзбекистон Республикасида валюта якка ҳукмронлиги ўрнатилган бўлиб, унга кўра валюта бойликларини сотиб олиш, сотиш ва алмаштириш унинг ҳудудида Марказий банк ва б. вакил қилинган банкларнинг фавқулодда ваколатига тегишлидир.