ВАЛЬПАРАИСО

ВАЛЬПАРАИСО (исп. —жаннат водий-си) — Чили марказидаги шаҳар. Аконкагуа вилояти маъмурий маркази. Аҳолиси 290 мингдан зиёд киши (1990-й. лар ўрталари). Мамлакатнинг Тинч океан соҳилидаги энг катта порти (импорт молларининг ярмидан кўпроғи, экспорт товарларининг анча қисми Вальпараисо орқали ўтади). Трансконтинентал (Буэнос-Айрес — Сантьяго — В.) т. й. нинг сўнгги пункти, автомобиль йўллари тугуни. Мамлакатнинг муҳим саноат маркази. Машинасозлик, тўқимачилик, металлсозлик ва ёғочсозлик, кўн пойабзал, озиқ-овқат, цемент, полиграфия, кимё саноати ривожланган. Нефть ҳайдаш, чўян қуйиш ва кема ремонти з-длари мавжуд. Ун-т, политехника ин-ти, денгизчилик академияси, музей бор. Шаҳарда тез-тез ер қимирлаб туради. Чилининг муҳим ҳарбий денгиз базаси. Вальпараисога 1536 й. да асос солинган.