ВАЛЛИСНЕРИЯ

ВАЛЛИСНЕРИЯ, сувяпроқ (Vaillisneria) — сувгулдошларга мансуб кўп йиллик ўсимликлар туркуми. Сув ичида усади. Барги ингичка, тасмасимон, уз. 75 см га етади. Гуллари майда, икки уйлик. Чангчи гуллари дастлаб сув ичида ривожланади, кейинроқ узилиб сув юзасига кўтарилади. Уруғчи гулларининг гулбандлари дастлаб спирал шаклда ўралган бўлиб, кейинчалик чўзилиши туфайли сув юзасига кўтарилиб чангланади. Чангланган гулнинг гулбанди яна қисқариб ўралади ва сув остига чўкиб, мева тугади. Спирал Валлиснерия (V.spiralis), одатда, оқмас ва тинч оқадиган чучук сувларда 1 м гача чуқурликда учрайди. Ўрта Осиё, Европа ва Осиёнинг чучук сувли ҳавзаларида тарқалган. Ёзнинг иккинчи ярмида гуллайди. Спирал Валлиснерия илдиз отадиган новдалари ёрдамида вегетатив кўпаяди. Кўпинча аквариумларда кўпайтирилади.