ВАЛЬЕ

ВАЛЬЕ (Valier) Макс (1895.9.2, Больцано — 1930.17.5, Берлин) — ракета техникаси соҳасидаги немис ихтирочиси ва конструктори. Сайёралараро учишларга дойр масалалар билан шуғулланган. Автомобиллар, самолётлар, дрезиналар, қайиқлар ва б. га реактив двигателни жорий қилиш йўриғини ишлаб чиққан. Двигатель ўрнига порохли ракета ўрнатилган пойга автомобилини ясади (Ф. Зандер билан бир-га) ва 1929 й. март ойида синаб кўрди. Валье 1929 й. да қаттиқ ёнилғида ишлайдиган 24 та ракетали пойга автомобилини ясади ва синаб кўрди (бу машина 230 км/соат гача тезликда юрди), 1930 й. да суюқликли реактив двигателларни синаб кўра бошлади, лекин синовларни охирига етказа олмади: ёниш камерасидаги портлаш оқибатида ҳалок бўлди.