ВАЛАНЖИН ЯРУСИ

ВАЛАНЖИН ЯРУСИ (Швейцариядаги Невшатель ш. яқинидаги Валанжен қасри номидан) — қуйи бўр системаси (даври) пастдан иккинчи яруси. 1853 й. да Дезор (Desor) алоҳида ярус қилиб ажратган. Дастлаб аниқланган жойида денгиз типратикани, лелеципода ва аммонитли оҳактошлардан ташкил топган. Валанжин яруси жинслари Украинада ҳамда Альп, Карпат тоглари ва Кавказда бор. В. я. қизғиш оҳактошли жинслари Ўзбекистон (Ҳисор тоғлари)да ажратилган. Бир оз гипс ва фосфорит қатламлари ҳам учрайди. Бухоро вилоятида қумтош, қизил гиллардан иборат Валанжин ярусида нефть уюмлари бор.