ВАҲОН ТИЗМАСИ

ВАҲОН ТИЗМАСИ — Тожикистоннинг чекка жан. даги ва Афғонистоннинг шим.-шарқидаги тизма, Помирнинг энгжан. тизмаларидан. Ваҳон тизмасининг ғарбий қисми Шоҳдара ва Панж дарёлари, шарқий қисми Помир дарёси билан Ваҳондарё орасида сувайирғичдир. Тизманинг уз. 160 км, ўртача бал. 5000 м, энг баланд жойи 6281 м. Ғарбий кисми Шоҳдара тизмаси деб ҳам аталади, шаркий қисми Афғонистон ҳудудида. Тоғ тепаларида ва қияроқ ён бағирларида доимий қор ва музликлар (Тожикистон ҳудудида умумий майд. 96,2 км2) кўп. Ваҳон тизмаси кембрийдан олдинги давр ва палеозойнинг гранит, гнейс, кристалли сланец ва метаморфик жинсларидан таркиб топган. Ваҳон тизмасида сийрак тоғ ксерофит ўтлари ва буталари усади. 4000 м дан юқорида альп ўтлоқлари бор.