СУЯК ЎЙМАКОРЛИГИ

СУЯК ЎЙМАКОРЛИГИ — ўймакорлик тури; суякни ўйиб нақш, тасвир ишлаш, кесиб ва йўниб ҳайкалча, буюмлар тайёрлаш санъати. Асосий хом ашё суяк (мамонт ва морж тиши, фил, мол суяги ва шохи, от ва б. ҳайвонларнинг суяги). Керакли ҳажмдаги суяк бўлаги танлаб олинади, ортиқча қисмлари арралаб олиб ташланади, ғадирбудур жойлари эговда текисланади. Суякка гул чизиб, асбоблар (парма, аррача, эгов ва б.) ёрдамида ўйиб нақшлар ҳосил қилинади ҳамда жилоланади.

Суяк ўймакорлиги қадимдан йирик ҳайвонлар яшаган ҳудудларда маълум бўлган. Ҳиндистон, Океания, Африка, Россиянинг шим. да тараққий этган; Ўрта Осиё ҳудудида географик шароитга кўра С. ў. ривожланмаган. Халқ амалий безак санъати турларидан — пичоқчиликда ҳамда майда шаклли буюмлар (тугмача ва б.) тайёрлашда Суяк ўймакорлиги қўлланилади. 20-а. 60й. ларидан Суяк ўймакорлиги Ўзбекистон амалий безак санъатида бир қадар ривожланди. Жумладан, халқ устаси Ортиқ Файзуллаев саъйҳаракати туфайли Суяк ўймакорлигида бадиий асарлар — «Чўпон», «Лазги ўйини», «Курант», «Навоий» ва б. яратидди.