СУРХОНДАРЁ

СУРХОНДАРЁ — Сурхондарё вилоятидаги даре, Амударёнинг охирги ўнг ирмоғи. Қоровултепа қишлоғидан бир оз юқорироқда Тўполондарё билан Қоратоғдарёнинг қўшилишидан ҳосил бўлади. Бойсун ва Боботоғ тизмалари оралиғидан жан. ғарб томон оқиб бориб, Термиз ш. ёнида Амударёга қуйилади. Уз. 175 км (Тўполондарёнинг бошланиш жойидан эса 297 км), ҳавзасининг майд. 13500 км2, тоғли қисми 8230 км2. С. ҳавзаси шим. да Ҳисор тоғ тизмаси, ғарб ва жан. ғарбда Бойсун тоғлари ва шарқда Боботоғ билан чегараланган, жан. да эса Амударё водийси билан қўшилиб кетган. Энг йирик ва серсув ирмоқлари Ҳисор тоғ тизмасидан бошланади. Сув сарфи ўртача 120 м3/ сек., йиллик сув ҳажми 3,8 млрд. м3, шунинг 2,7 млрд. м3 (ёки 70%) Ҳисор тизмаси ён бағирларида ҳосил бўлади. Сурхондарёнинг йирик ирмоқлари — Тўполондарё билан Қоратоғдарё ҳам Ҳисор тизмасидан оқиб тушади. Сурхондарёга йирик ирмоклардан яна Сангардакдарё билан Хўжаипок дарёлари қўшилади. Бир қанча майда ирмокларидан ташқари ёзда деярли қуриб қоладиган сой ва жилғалар ҳам бор. Улардан энг йириклари Вахшивордарё (24 км), Коникон (32 км), Оққопчиғай (61 км), Окжарсой (51 км) ва Бойсун (82 км) сойларидир.

С. Бойсун тоғлари билан Боботоғ оралиғида эни 30 км келадиган кенг СурхонШеробод водийси бўйлаб оқади. Сурхондарё ўзани ҳамма қисмида тез емирилувчан юмшоқ жинслардан тузилган. Шу сабабдан Сурхондарёнинг ўзани тезтез ўзгариб туради. Қуйи қисмида дарё кенг қайир бўйлаб «дайдиб» оқади, натижада эски ўзан ва улар орасидаги ороллар йўқолиб, янгилари пайдо бўлади. Қирғоқлари емирилиши ва ўпирилиб тушиши сабабли кўп жойларда тик жарлик шаклини олган.

С қормузлик сувларидан тўйинади. Май—июнда серсув, сент. —окт. да энг камсув бўлади, Сурхондарёнинг этак қисмида (Мангузар қишлоғи ёнида) йиллик сув оқимининг 69% март—июнь, 20% июльсент. ва 11 % окт. — фев. ойларида оқиб ўтади.

Сурхондарёнинг ўртача кўп йиллик сув сарфи унинг бошланиш қисмида (Қоровултепа қишлоғи ёнида) 76,7м3/сек., 2,42 млрд. м3, қуйи оқимида (Мангузар қишлоғи ёнида) эса 68,2 м3/сек, ёки йилига 2 млрд. м3. Қоровултепа билан Мангузар қишлоқлари оралиғида (164 км) Сурхондарё ва ирмоқларининг суви кўплаб суғоришга олинади. Шу икки қишлоқ оралиғида дарёга сизот сувлари (тахм. 20—25 м3/сек.) ва партов сувлар келиб қўшилади.

Сурхондарёнинг энг кўп сув сарфи Қоровултепа ёнида кўпинча 250—350 м3/сек., Мангузар қишлоғи ёнида эса 350—450 м3/ сек. ўртасида бўлади. Лекин, айрим йиллари энг куп сув сарфи жуда катта бўлиши мумкин. Mac, 1931 й. 29 апр. да Қоровултепа қишлоғи ёнида 600 м3/сек., Мангузар қишлоғи ёнида эса 700 м3/сек. га етган. Энг кам ўртача ойлик сув сарфи дарёнинг юқори қисмида 12—13 м3/ сек., қуйи қисмида эса 0,1 м3/сек.,га тушиб қолади. Ёз ойларида Сурхондарё баъзан этак қисмида қуриб қолади.

Сурхондарё жуда лойқа дарёлардан. Бошланиш қисмида унинг ҳар 1 м3 сувида ўртача ҳисобда 0,9 кг лойқа оқизиқ бўлади. Дарё ўзани тез емирилганидан сувнинг лойкалиги дарёнинг этаги томон кескин орта боради ва Мангузар қишлоғи ёнида 1 м3 сувдаги лойқа оқизиқ 2,9 кг га етади. Лойқа оқизиқларнинг ўртача йиллик миқдори Қоровултепа қишлоғи ёнида йилига қарийб 1980 минг т, Мангузар қишлоғи ёнида эса 6030 минг т га тенг. Сурхондарё сувидан тўлароқ фойдаланиш ва янги ерларни ўзлаштириш мақсадида Сурхондарё водийсида сув омборлари ва каналлар қурилган. Сурхондарё ҳавзасида ишлаб турган ирригация тармокларининг умумий уз. 3164 км, коллекторзовурлар эса 1360 км. Шулардан энг йириклари: Занг, Ҳазорбоғ, Қумқўрғон, Какайди каналлари ва б. ; Учқизил, Дегрез ва Жан. Сурхон сув омборлари қурилган. Сурхондарё водийси ёндош Шеробод водийси билан қўшилиб кетган. Сурхондарёнинг суви СурхонШеробод капали ва Жан. Сурхон сув омбори орқали сугоришга сарфланмоқда.