СУРХОН ТОНГИ

«СУРХОН ТОНГИ» — Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ижтимоий-сиёсий газетаси. Термиз ш. да ўзбек тилида ҳафтада 2 марта чоп этилади. Дастлаб «Қизил чегарачи» (1932 й. 15 апр.), «Илғор Сурхон учун» (1935 й. 15 март), «Ленин байроғи» (1956 й. 21 март) номларида чиққан. 1991 й. дан ҳоз. номда. Газ. га турли йилларда Рустам Абдураҳмонов, Юсуф Сулаймонов, Ҳусан Умаров, ,,; Ҳалим Боқиев, Ўроз Ерманов, Темур Габидов, Йўлдош Умаров, Абдулла Лутфуллаев, Соатмурод Жўрақулов, Норқул Ҳайитқулов, Гелдимурод Саидмаликов муҳаррирлик қилган. Комил Алиев, Зоир Муллажонов, Абрай Ҳамзаев, Теша Сайдалиев, Менгзиё Сафаров, Исомиддин Отақулов каби ўткир қалам соҳиблари фаолият кўрсатишган.

Газ. да саноат ва тижорат; қишлоқ хўжалиги; давлат ва ҳуқуқ; маданият; хатлар бўлимлари мавжуд. Саҳифаларида вилоят ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига доир материаллар бериб борилади, адабиёт ва санъатни тарғиб қилишга алоҳида эътибор беради. Адади 3500 (2004).