СУРЕПИЦА

СУРЕПИЦА, дала карами (Brassica campestris) — карамгулдошлар оиласи карам туркумига мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимликлар тури; мойли экин. Шим. ярим шарнинг мўътадил иқлимли минтақаларида, шунингдек, Россиянинг жан. да бегона ўт тарзида учрайди. С. Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойда, Ғарбий Европа мамлакатлари, қисман Ўрта Осиёда мой олиш хамда ем-хашак учун экилади. Кузги ва баҳорги шакллари бор. Пояси тик усади, бал. 20—100 см гача, яхши шохланади, пастки қисми тукли. Пастки барглари бандли, чўзинчоқ. Гултўплами узун шингил, сариқ. Меваси қўзоқ, уз. 3—5 см. 1000 та уруғи вазни 1.4—2,6 г.

Уруғи таркибида 38—50% мой бўлиб, совун ишлаб чиқариш., озиқовқат саноатида, алиф ва бўёқлар олишда ишлатилади. Кунжараси ва кўкати чорва молларига яхши озуқа ҳисобланади.

Зараркунандалари: бургалар, баргхўр, кана, шира, тунламлар, крракуя.

Касалл иклари: илдиз чириши, бактериоз ва б.

Ҳалима Отабоева.