СУНЪИЙ НАФАС ОЛДИРИШ

СУНЪИЙ НАФАС ОЛДИРИШ — сунъий йўл билан (махсус усуллар ёки аппаратлар ёрдамида) ўпкага ҳаво киритиш ва чиқариш, бошқача қилиб айтганда ўпканинг ҳаво алмаштириш функциясини тиклаш. Мустақил нафас олиш тўхтаганда ёки бузилганда (нафас йўлларига ёт жисмлар тушганда, ис текканда, ток урганда, киши сувга чўкканда ва б. ҳолларда) қўлланади.

Сунъий нафас олдириш экспиратор усуллар, қўл аппаратлари — респираторлар ҳамда автоматик респираторлар ёрдамида амалга оширилади.

Экспиратор усуллар аппаратсиз («оғиздан оғизга», «оғиздан бурунга», «оғиздан оғизга ва бурунга») ҳамда аппаратли усулларга бўлинади; аппаратли усулларда жабрланувчи ҳар хил нафас олибчиқариш найчалари, ҳаво ўтказгичлар, оғизбурун ниқоблари ва б. дан фойдаланади. СильвестрБрош усули ҳам қўл билан бажариладиган, яъни аппаратсиз усулга киради. Экспиратор усуллар, шунингдек, қўл аппаратлари — респираторлар жабрланувчи касалхонага ётқизилгунча кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдамда, кўпинча стационар шароитида ҳам кенг қўлланади. Улар ҳар хил тузилишдаги иккита бирбирига туташ мослама — шланг орқали ёки бевосита бирлаштирилган нафас халтаси ёки меши ва нафас ниқобидан иборат.

Автоматик респираторлар жуда кўп сонли ҳар хил ихчам ва стационар, жумладан, нафас билан боғлиқ ҳолатларни компьютер орқали бошқарадиган, нафасга олинадиган ва чиқариладиган ҳаво аралашмаларини, жабрланувчи қонининг газ таркибини назорат килиб турадиган ва б. мосламалардан иборат. Қандайлигидан қатьи назар, ҳамма автоматик респираторлар умумий тузилишга эга. Буларга — 1) кислороднинг берилиш тезлигини тартибга солиб турадиган мосламаси бор кислород манбаи (кислородли баллон, марказлаштирилган кислород газли магистраль, кислород концентратори);

2) кислородни атрофдаги ҳаво ва зарур бўлганда махсус газли аралашма билан аралаштириб берадиган аралаштиргич;

3) хаво пуфлаш параметрларини бошқариш механизмлари билан мешни ҳаво ёки газли аралашмага тўлдириш мосламаси;

4) нафас ниқоби, бириктирувчи найча, карбонат ангидрид ва анестетикларни контурнинг тескари қисмидаги ютгичдан иборат «нафас контури» мосламаси киради.

Ўзига хос автоматик респиратор ҳам мавжуд. Ундан инжекцион принципда ҳаво юборишда фойдаланилади; трахеотомик ёки трахеостомик найча орқали трахеяга инжектор киритилади ва у орқали трахеяга 1—3 атм босим остида тўхтовсиз кислород — газли аралашма юборилади. Бунда ҳаво билан чиқаётган аралашма ўпкадан инжектор ёнидан тўхтовсиз чиқиб кетади.

Клиника амалиётида Сунъий нафас олдириш куйидаги хрлларда қўлланади: фалокат, ҳалокат, бахтсиз ҳодисалар, оғир шикастланишларда ҳодиса содир бўлган жойда, касалхонага олиб кетилаётган вактда ва касалхона шароитида; аҳволи оғир ва ҳаёти хавф остида турган беморларда жадал муолажа компоненти сифатида. Бундай беморларда мустақил нафас олишнинг энергетик «баҳоси» организм учун жуда юқори бўлади ва мустакил нафас олишни тўхтатиб, аппарат ёрдамида ёрдамчи ёки тўлиқ сунъий нафас олишга ўтиш ўпкада ҳаво алмашиниш функциясининг алмаштирилиши ҳисобига организм ахволини енгиллаштиради. Бу «режа асосидаги Сунъий нафас олдириш» дир; «интубацион наркоз» билан катта операциялар ўтказилганда дорилар билан беморни бехуш қилибгина қолмай, интубацион найча орқали мустакил нафас олиш ҳам тўхтатилади. Скелет мускуллари функциясини тўхтатиш миоплегия ёки миорелаксация деб аталади, бундай вазиятларда хирургнинг керакли соҳада, мас, қорин бўшлиғида операция қилишини енгиллаштириш мақсадида нафас олишни тўхтатибгина қолмай, мускуллар ҳам тўлиқ бўшаштирилади. Бинобарин, фақат интубацион умумий наркоз жорий қилинишининг ўзи кўкрак хирургиясининг жадал ривожланишига, яъни кўкрак бўшлиғи аъзоларида бемалол операциялар ўтказишга имкон берди. Бундай операцияларда нафас олишда, асосан, ўпканинг бир бўлаги, операция қилинадиган томондаги бўлаги эса озгина қатнашишини таъминлайдиган махсус мосламалар ва усуллар қўлланади; нерв системасининг баъзи касалликларида, яъни диафрагмал нерв функцияси тўхтаганда ва бемор мустақил нафас ололмаганда бир неча ҳафта, ойлаб ва ҳатго йиллаб Сунъий нафас олдириш усулини қўллашга тўғри келади.

Юқоридаги ҳолларда Сунъий нафас олдиришда ўтказиладиган тадбирлар, қўлланадиган усуллар респиратор терапия деб аталади. Бу физиология ва тиббиётнинг эмас, балки энг замонавий техўикава технологиянинг ҳам ютуғи бўлиб, тиббиёт фани ва амалиётида энг илгор усул хисобланади.

Жўра Собиров.