СУЛЬФАНИЛАМИДЛАР

СУЛЬФАНИЛАМИДЛАР — сульфанил кислотасининг кимёвий ҳосилалари, Сульфаниламидларнинг (стрептоцид) антибактериал хоссасини биринчи бўлиб 1935 й. немис патологи ва микробиологи Г. Домагк аниклаб, амалий тиббиётга киритди.

Қуйидаги гурухларга бўлинади: қисқа муддат таъсир этувчи Сульфаниламидлар — стрептоцид, норсульфазол, этазол, сульфадемизин ва б. ; узоқ вақт таъсир этувчи Сульфаниламидлар — сульфодиметоксин, сульфопиридазин, сульфален ва б. ; маҳаллий қўлланиладиган Сульфаниламидлар — сульфаленнатрий ва б.

Сульфаниламидларнинг таъсир механизми улар тузилишининг парааминобензой кислотасига (ПАБК) ўхшашлиги билан боглик. ПАБК кўпгина микроорганизмлар синтез қиладиган дигидрофол кислотаси таркибига киради. Кимёвий тузилишининг ўхшашлиги ҳисобига Сульфаниламидлар ПАБКни дигидрофол кислотаси таркибига киришига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, улар дигидроптероатсинтетаза ферментининг фаоллигини сусайтиради. Дигидрофол кислотаси синтезининг бузилиши, ундан тетрагидрофол кислотасининг ҳосил бўлишини камайтиради, натижада нуклеин кислоталарининг синтези бузилади ва микроорганизмларнинг ўсиши ва кўпайиши тўхтайди, яъни Сульфаниламидлар бактериостатик таъсир кўрсатади. Одам ва ҳайвонлар тўқималарида бундай ҳолат юзага келмайди, чунки улар организмида тайёр дигидрофол кислотаси бўлади.

Сульфаниламидлар тиббиётда патоген микроорганизмларга қарши восита сифатида қўлланади. Сульфаниламидлар меъдаичак йўлидан яхши сўрилади, ҳамма тўқималарга тарқалади. Жигарда унинг метаболитлари ҳосил бўлади. Организмдан буйрак орқали чиқарилади.

Сульфаниламидларни бошқа антимикроб дори воситалари билан бирга қўллаш мумкин.

Сульфаниламидлар узоқ вакт қўлланса, уларга нисбатан микроорганизмларга чидамлилик юзага келади. Улар одам организмининг ҳар хил тизимларига ножўя таъсир кўрсатиши мумкин, шу билан бирга уларга қарши аллергик реакциялар ҳам ривожланади. Шунинг учун Сульфаниламидларни фақат шифокор маслаҳати билан қўллаш лозим.