СУЛАЙМОН

СУЛАЙМОН — Қуръонда тилга олинган пайғамбарлардан бири, ҳукмдор. Мил. ав. 965—928 й. ларда ИсроилИудея подшоҳи бўлган. Довудниит ўғли. 13 ёшида тахтга ўтирган. Етук билимли, ҳар бир ишда ҳукм чиқаришда отасидан кўра олимроқ бўлган. Ривоятга кўра, у жамики инсу жин, ҳайвонлар ва паррандалар оламига подшоҳлик қилган, қушлар тилини тушунган. Шамоллар ҳам унинг ихтиёрида бўлиб, Сулаймон фармонига кўра, у ходит билдирган жойда эсарди. Сулаймонга берилган мўъжизалардан бири мис кони эди, деб ривоят қилинади: пайғамбар измидаги жинлар ўша мисдан унинг хохлаган нарсасини ясаб беришар экан. Жинларнинг Сулаймонга қасрлар бунёд этгани, денгиз тубидан дуру жавоҳирлар олиб чиқиб бергани накл этилади. Сулаймон ўз қўл остида бир неча хил қушларни тарбия қиларди. Булар орасида ҳудҳуд (сассиқпопишак) ҳам бўлиб, у Яманнинг Сабо ш. дан қуёшпараст малика Билқис ҳақида хабар келтиради. С. Билқисга мактуб йўллаб, уни ёлғиз Аллоҳга итоат этишга даъват этади (Намл сураси, 20—37оятлар).

Сулаймон отасининг васиятига кўра, Ақсо масжидини қурдирди (қ. Алмасжид алАқсо). Шарқ ва Ғарбда бир қанча мамлакатларни забт этиб, жаҳонгир бўлди. Сулаймоннинг ўлими билан боғлиқ ривоят жинлар, девлар ғайбни — келажакда рўй берадиган воқеаҳодисаларни билади, деган гумонларни рад этади: жон таслим қилган Сулаймон таянган ҳассани узоқ вақт ёғоч қурти еб у ерга қулаб тушмагунча, жинлар Сулаймоннинг вафот этганини билмаганлар ва пайғамбар уларга буюрган вазифа — баланд қаср бино қилиш ишини давом эттираверганлар (Сабаъ сураси, 14оят). Шундай қилиб, С ўлиб, девлар меҳнатдан қутулган экан. С яҳудий ва христиан диний адабиётларида Соломон номи билан маълум.

Ад.: Пайғамбарлар қиссаси, Т., 1993.