СУДГА БЕРИШ

СУДГА БЕРИШ — ишни судда кўриш учун тайинлаш тартиби. Судга айблов хулосаси билан ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳақида қарор билан прокурордан келган ҳар бир ишни судья 7 сутка ичида суд мажлисида кўришга тайинлайди ёки иш юритишни тўхтатиб туриш ёхуд тугатиш масаласини ҳал қилади. Судья ишни ўз судловига тегишли, уни судда кўриш учун асослар етарли, суриштириш ва дастлабки терговда қонун талабларига риоя этилган деб ҳисобласа, иш бўйича суд мажлиси ўтказиладиган вақт ва жой белгилаб қарор чиқаради. Айни вақтда судья айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш ёки ўзгартириш, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш, суд мажлисида иштирок этувчи шахсларни судга чақириш, уларга иш материаллари билан танишиш учун имконият яратиш чораларини кўради. Ишни судья кўриш учун тайинлаш чоғида айбланувчи яширинган бўлса, судья унга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақида ажрим чиқариб, ишни прокурорга қайтаради. Айбланувчи суд муҳокамасида иштирок этишини истисно этадиган даражада оғир ва сурункали касалликка чалингани суд тиббий экспертизасининг хулосаси билан тасдикланган бўлса, судья айбланувчи соғайгунча иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқаради (Ўзбекистон Республикаси ЖПК, 49боб).