СУДАКЛАР

СУДАКЛАР, слалар (Lucioperca) — олабуғасимонлар оиласига мансуб баликларнинг бир уруғи. 5 тури маълум. Гавдасининг уз. 130 см ча, вазни 20 кг гача. Оддий Судаклар хўжалик аҳамиятига эга. Орқаси яшилкулранг, икки ёнида 8—12 та қўнғирқора йўллари бор. Елка ва дум сузгичларида қора доғлари бўлади; бошқа сузгичлари сарғиш тусда. Эркаги сув тубида уя ясаб, шу уяда ургочиси ташлаган увилдириқни қўриқлайди. Балиқ ва б. ҳайвонлар билан озикланади. Европа, Шим. Америка ва Осиё сув ҳавзаларида, жумладан, Болтиқ, Қора, Азов, Каспий, Орол денгизи ва баъзи дарёларда тарқалган. Иссиқкўл, Балхаш ва б. сув ҳавзаларида иқлимлаштирилган. Орол денгизида урчиш учун март — апрель ойларида қирғоққа келади. Сирдарё ва Амударёга ҳам ўтади.