СУД ХАРАЖАТЛАРИ

СУД ХАРАЖАТЛАРИ — (ЎзРда) ишларни судда кўриш билан боғлиқ процессуал чиқимлар. Фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлари бўйича Суд харажатларига давлат божи, томонлар, гувоҳ ва экспертларнинг судга келиши учун йўлкира, эксперт мутахассис ва таржимонга тўланадиган хизмат ҳақи, ишга тааллуқли бирор жойни кўздан кечириш, бошқа ҳаракатларни бажариш учун қилинадиган сарф ва суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш билан боғлиқ чиқимлар киради. Даъвогар даъво суммасининг микдорига қараб бож тўлайди. Мехнат, муаллифлик, ихтиро, кашфиёт билан боғлиқ низолар ва алимент ундириш ҳақидаги аризаларни кўриш учун бож олинмайди. Суд даъвони қаноатлантирса, даъвогар қилган Суд харажатлари жавобгардан ундирилади ёки давлат бюджети хисобидан тўланади (ФПК, 103—121моддалар, ХПК, 9094моддалар, МҲЖК, 301—302-моддалар).

Жиноят ишлари бўйича Суд харажатларига суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон ва шу кабига бериладиган, ашёвий далилларни сақлашга, юборишга ва экспертиза ўтказишга, шахсларни ушлаш, мажбурий келтириш ва қидириш учун сарфланган, юридик маслаҳатхонага тўланадиган ҳамда ишнинг юритилиши давомида қилинган бошқа харажатлар киради. Суд харажатлари маҳкумлардан ундирилиши мумкин. Таржимонга тўланадиган сумма, шунингдек, судланувчи окланган, жиноят таркиби бўлмагани сабабли тугатилган ишлар бўйича Суд харажатлари давлат ҳисобига ўтказилади, лекин иш жабрланувчининг шикояти бўйича қўзғатилган бўлса, ундан ундирилади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилган шахс узреиз келмаса, тергов ва суд ҳаракатларини ўтказиш кечиктирилгани билан боғлиқ Суд харажатлари ана шу шахсдан ундирилади.