СТРАТИФИКАЦИЯ

СТРАТИФИКАЦИЯ (лот. stratum тўшама, қатлам, ва facio — бажараман) — 1) ўсимликлар уруғ (данак) лари униб чиқишини тезлаштириш учун нам муҳитда сақлаш, уруғларга экишдан олдин ишлов бериш усули. Асосан, мевали, манзарали, ўрмон дарахтлари, буталари, айрим доривор ўсимликлар уруғлари (данаклари) учун қўлланилади. Стратификация учун қум, қипиқ, торф увоқлари ва б. ишлатилади. Махсус чуқур ёки яшикларда уруғ (данак) лар нам қум билан аралаштирилиб 3—5° ҳароратда сақланади. Олма ва нок уруғлари 120—130, ёнғоқ, писта ва бодом 45—60, беҳи уруғи 60—70, шафтоли ва ўрик данаги 90—100, тоғолча данаги 150 — 200, олча ва гилос данаги 200— 250 кун С. қилинади. Олма, нок, беҳи, бодом, ёнғоқ ва б. мева уруғлари окт. — нояб. да экилганда, баҳоргача Стратификация даврини ерда ўтказиб, яхши униб чиқиши ҳам мумкин. Тоғолча, олча, гилос ва б. мевали дарахт данаклари эса Стратификация даврини тўлиқ ўтказиши учун мевадан ажратилгач, қумланиб, кузгача сақланади;

2) атмосферадаги мувозанат шартларини белгиловчи ҳаво т-расининг вертикал бўйича тақсимланиши; ҳавонинг вертикал силжиши ортишига ёки камайишига ёрдам беради. Нотурғун Стратификацияда баландлик ошиши билан тра пасаяди, бу атмосфера конвенциясига имкон беради.