СТАТОЦИСТЛАР

СТАТОЦИСТЛАР (юн. statos — турган, қаракатсиз ва… циста) , эшитиш пуфакчаси — умуртқасиз ҳайвонларнинг мувозанат органлари; тана қоплоғичи остида жойлашган чуқурча ёки пуфакча шаклида; айрим ҳайвонлар (медуза, денгиз типратиканлари)да тана юзасига бўртиб чиқиб турган қадаҳсимон ўсимтадан иборат. С бўшлиғидаги суюқликда 1 ёки бир неча отолитлар (статолитлар) жойлашган. Тана ҳолати ўзгарганда отолитлар жойидан сурилиб, пуфак деворидаги киприкли эпителийнинг сезгир ҳужайраларини ёки рецептор ҳужайралар билан боғланган хитин тукчаларни (бўғимоёклиларда) қўзғатади. Нерв импульси марказий нерв системасига ўтиб, у ерда организмни ўз ҳолатига қайтарадиган жавоб ҳаракатланиш реакциясини пайдо қилади. Статоцистлар тузилиши ва функцияси умуртқали ҳайвонларнинг ички қулоғида жойлашган макулага ўхшаб кетади.