СТАТИСТИКА

СТАТИСТИКА (лот. ctatus — бойлик, давлат) — 1) турли ҳодисалар ва жараёнларни микдорий ҳисоблаш, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш йўли билан ижтимоий ҳаётнинг умумий қонуниятларини ўрганадиган ижтимоий фанлар тармоғи. Тор маънода Статистика биронбир ҳодиса ёки жараён тўғрисидаги жамланма маълумотлар (кўрсаткичлар) мажмуи (тўплами)ни билдиради. Статистика мураккаб ва сертармоқ фанлар мажмуидан иборат бўлиб, ижтимоий ҳаётнинг хилмахил ҳодисаларини ўрганади ва таҳлил этади. Статистиканинг асосий бўлимлари: С. нинг умумий назарияси — микдорий тахлилнинг умумий тамойиллари ва усулларини ўрганади; иқтисодий Статистика — халқ хўжалиги кўрсаткичлари тизимини, унинг таркибини, нисбатларини, секторлараро, тармоқлараро алоқалар ва б. ни ўрганади (қ. Иктисодий статистика); иқтисодиёт тармоқлари Статистикаси — саноат, қишлоқ хўжалиги., қурилиш, транспорт, алоқа С. сига бўлинади; демографик С, меҳнат, аҳоли бандлиги Статистика си; ижтимоий С — аҳоли турмуш тарзини тавсифлайдиган кўрсаткичлар тизимини ва ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларини ўрганади ва ҳ. к. Уларнинг асосий вазифаси халқ хўжалиги тармоқларидаги, жамият ҳаётининг айрим соҳаларидаги ижтимоийиқтисодий жараёнларни тавсифлайдиган кўрсаткичлар тизимини ўрганиш ва ишончли, илмий асосланган маълумотларни акс эттиришдан иборат. Бу вазифаларни бажариш учун Статистика фанида ялпи статистик кузатиш, ҳодисаларнинг ўзига хос томонлари, хусусиятлари ва улар ўртасидаги алоқаларни акс эттирадиган кўрсаткичлар тизимлари, статистик гуруҳлаш натижалари бўлган йиғма ва комбинациялашган жадваллар каби воситаусуллар ишлаб чиқилган ва амалиётда қўлланилади. Статистикада ўртача миқдорлар ва индекслар каби умумлаштирувчи тавсифлар муҳим роль ўйнайди. Статистика усуллари қўлланиладиган бир қатор соҳалар ва шунга мос ҳолда тиббиёт, суд, геол., спорт ва бошқа Статистика тармоклари бор. Мат. ва статистик тадқиқотларнинг туташ жойида пайдо бўлган математик статистика С. фанининг алоғида бўлимини ташкил этади. Математик Статистика статистик тадқиқотларда статистик маълумотларни тўплаш, уларни тизимга солиш, ишлаш ҳамда улардан илмий ва амалий хулосалар чиқариш усулларини ўрганади. Тошкент иқтисодиёт ун-тида Статистика бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланади; 2) жамият ҳаётидаги ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида ялпи ахборотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил ва эълон қилиш билан боғлиқ амалий фаолият соҳаси. Миллий, минтакдвий халқаро Статистикага бўлинади. Халқаро Статистика ижтимоийиктисодий кўрсаткичларнинг халқаро қиёсийлигини таъминлашга асосланган ҳолда турли мамлакатларнинг ижтимоий иқтисодий тараққиёти даражаси, тузилмаси ва тенденцияларини ўрганади. Халқаро Статистикада БМТ нинг ихтисослашган статистика хизматлари етакчи роль ўйнайди. Миллий (умумдавлат) миқёсида статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш ягона тамойиллар асосида, ягона дастур ва услубият бўйича давлат статистика органлари раҳбарлигида амалга оширилади. Ўзбекистонда Статистика амалиёти билан Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар, туман бошқарма (бўлим)лари шуғулланади.

Статистика амалиётининг бошланиши давлатнинг пайдо бўлиши даврига тўғри келади. Қадимги даврлардаёқ хўжалик ва ғарбий эҳтиёжлар, аҳоли, ер, молмулк ҳисоби бўйича Статистика ишлари амалга оширилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Фан сифатида Статистикага 17-а. охирида инглиз иқтисодчи олими У. Петти асос солди. Унинг асарларида сиёсий иқтисод ва б. ижтимоийиқтисодий фанлардан ажралмаган «сиёсий арифметика» деб номланган фан — С. асослари ифодалаб берилди. Статистика ривЬжида давлатшунослик фанининг пайдо бўлиши ҳам муҳим роль ўйнайди. 19-а. нинг 2-ярми ва 20-а. бошларида Статистика жадал ривожланди. Айниқса, давлат монополистик капитализми шароитларида Статистиканинг техник воситалари ва иқтисодий имкониятлари мукаммаллашди.

Монополияларнинг иқтисодий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш эҳтиёжлари, аҳолининг табиий кўпайиши ва кўчиши ўрганилди, аҳоли, саноат ва қишлоқ хўжалиги. рўйхатлари ўтказилди. Биринчи навбатда, рўйхатни ўтказадиган давлат Статистика ташкилотлари шаклланди ва такомиллашди. Статистик маълумотларни қайта ишлашда математик усулларни қўллаш Статистика назариясини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Иқтисодиётда маъмурийбуйруқбозлик бошқарувидан бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш Статистикада ҳам туб бурилиш ясади. Ҳоз даврда Ўзбекистонда иқтисодиётни халқаро амалиётда қабул қилинган ҳисоб ва статистикага ўтказиш ҳамда маҳаллий шароитларга уйғунлашган миллий ҳисоблар тизиминп ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, макроиқтисодий кўрсаткичларни хорижий давлатлар кўрсаткичлари тизими билан таққослаш ва таҳлил қилиш энг зарур вазифалардан биридир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати 1994 й. 13 сент. да «Ўзбекистон Республикасини халқаро амалиётда қабул қилинган ҳисоб ва статистика тизимига ўтказишнинг давлат дастури»ни қабул қилди ва бу дастур изчил амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат статистикаси тўғрисида» қонунида (2002 й. 12 дек.) республикада Статистика ишини ташкил этиш ва унинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилган.

Ҳамидулла Набиев.