СОЯКИ

СОЯКИ, Замбилбош — халқ селекциясида яратилган хўраки ва винобоп узум нави. Тошкент вилояти Паркент туманида кўп экилади. Тупи кучли ўсади, барги йирик, уч бўлмали, бет томони ялтироқ, силлиқ. Гули икки жинсли. Узум боши ҳавол, сершингил, икки ёни бўртиб чиққан, 700—800 г (3—4 кг гача боради). Ғужуми ўртача, думалоқ, энибўйи 18—19 мм, қуёшга қараган томони сарғимтир, оч яшил, пўсти юпқа, эти сувли. Таркибида 20 — 22% қанд, 6—7 г/л кислота бор. Ҳосили фаол ҳарорат йиғиндиси 3100° да 150 кунда, авг. охири — сент. ўрталарида тўлиқ пишади. Ҳосилдорлиги 150—160 ц/га. Энг юқори ҳосилдорлиги 234 ц/га. Узуми янгилигида истеъмол қилинади, оқ мусалласлар, шампан винолари тайёрланади; узум бошларини осиб, қиш фаслигача сакдаш мумкин.