СОНАТА (итал. sonata, лот. sonare — янграмоқ) — камер-чолғу мусиқасининг асосий жанрларидан. 3 қисмли туркум асар, баъзан 1, 4, 5 қисмлилари ҳам учрайди. 3 қисмли мумтоз Сонатанинг 1 ва 3 қисмлари тез, 2қисми вазмин суръатлидир. 1-қисми (соната аллегроси) 3 йирик бўлимдан ташкил топади: қарамақарши мусиқий мавзуларни намоён қилиш (экспозиция), уларни бирбирига таққослаб ривожлантириш (2-бўлим), сўнгра асосий куйларни ўзаро яқинлаштириб бирлаштириш (реприза). «Соната» атамаси 16-а. дан маълум бўлиб, аввалбошда кантатадан фаркди ўлароқ ҳар қандай чолғу пьеса ҳам Соната дейилган. 17-а. бошларида Сонатанинг 2 кўриниши (черков С. си ва камер Соната) шаклланди. 18-а. ўрталарида Д. Скарлатти, Ф. Э. Бах клавир С. лар ёзишган, Й. Гайдн, В. Моцартлар Сонатанинг мумтоз намуналарини яратдилар. Соната ривожи ва юқори чўққиларга чиқишида Л. Бетховен С. лари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Л. Бетховен Сонатани ранг-баранг мавзу ва мазмун, мураккаб шакл билан бойитиб, жанр имкониятларини кенгайтирди. Ф. Шопен, Р. Шуман, Ф. Лист, И. Брамс, Э. Григлар Соната ривожига катта ҳисса қўшдилар. Романтизм даври ва 20-а. композиторлари ижодида ҳам Соната асарлари муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистонда илк Сонаталарни 1940—50 й. ларда Ик. Акбаров, Ф. Назаров, Г. Мушель, А. Козловский каби композиторлар яратишган. Кейинчалик, Э. Солиҳов, Н. Зокиров, А. Эргашев, Д. Сайдаминова, Ҳ. Раҳимов, Н. Ғиёсов ва б. композиторлар ижодида ривожланган.
Сонатанинг кичик ҳажмдаги тури — сонатина ўзининг соддалиги, ижро услубининг оддийлиги билан ажралиб туради.