СОЛОМОН ОРОЛЛАРИ

СОЛОМОН ОРОЛЛАРИ (Solomon Islands) — Тинч океаннинг жан. ғарбий қисмида жойлашган давлат. Соломон о. ларининг жан. шарқий қисмини ва яқин атрофдаги СантаКрус ва б. оролларни ўз ичига олади. Майд. 28,45 минг км2. Аҳолиси 495 минг киши (2002). Пойтахти — Хониара ш. Маъмурий жиҳатдан 4 округга булинади.

Давлат тузуми. Соломон Ороллари — Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига кирувчи мустақил давлат. Амалдаги конституцияси 1978 й. 7 июлда қабул қилинган. Давлат бошлиғи Буюк Британия қироличаси бўлиб, унинг номидан генерал-губернатор иш юритади, у мамлакат парламентининг тавсияси билан 5 й. муддатга СО. фукаролари орасидан тайинланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллий парламент, ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Соломон Оролларининг аксари қисми вулкан отилиши натижасида ҳосил бўлган. Энг баланд жойи 2743 м (Бугенвиль о. да). Сўнмаган вулканлар, иссиқ булоқлар бор. Боксит, никель, фосфорит, олтин, мис конлари топилган. Иклими субэкваториал, жуда сернам. Ўртача ойлик тра 26—28°. Йиллик ёғин 2300—7500 мм. Дарёлари киска ва серсув. Оролларнинг кўп қисми доим яшил ўрмон билан қопланган (пальма, фикус ва б.). Қурғоқчил жойларда саванналар, сохилларда манфолар ўсади. Ҳайвонлардан каламуш, кўршапалак, тимсоҳ, калтакесак, илон, баҳайбат қурбақалар, қушлардан кабутар, тўтиқуш ва б. яшайди.

Аҳолисининг кўпчилиги (93%) меланезия ирқига мансуб бўлган, австронез ва папуас тилларида сўзлашувчи халқлардан иборат, қолганлари полинезияликлар. Улар йирик ороллар соҳили бўйидаги кичик қишлоқларда яшайди. Шаҳар аҳолиси 18%. Расмий тил — инглиз тили. Диндорларнинг аксарияти христианлар.

Тарихи. Соломон Оролларига карийб 6 минг йил аввал Папуа-Янги Гвинеядан қабилалар кўчиб бориб ўрнашган. 1568 й. испан денгиз сайёҳи А. Менданья де Нейра маҳаллий аҳолидан олтинни алмаштириб олганида оролларни «Соломоннинг олтин мамлакати»га қиёс қилган ва оролларни шу ном билан аташ одат бўлиб қолган. 1885 й. ороллар Германияга тобе бўлиб қолди, 1893 й. оролларнинг деярли ҳаммаси Буюк Британияга топширилди. 1-жаҳон урушидан кейин Бугенвиль ва Бука о. ларини бошқариш учун Австралияга мандат берилди, жан. ороллар инглиз протектората бўлиб қолаверди. 2-жаҳон уруши вақтида оролларда Япония ва Америка қўшинлари ўртасида жанглар бўлиб ўтди. Урушдан кейин миллий мустақиллик учун ҳаракат кучайди. 1976 й. мамлакатга ички ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи берилди, 1978 й. ороллар мустақилликка эришди. СО. 1978 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 7 июль — МустақиллиХ куни (1978).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. СО. лейбористлар партияси, 1988 й. тузилган; СО. либерал партияси, 1976 й. асос солинган; Халқ иттифоқчи партияси, 1979 й. ташкил этилган; СО. миллий ҳаракати партияси, 1993 й. тузилган; Тараққийпарвар халқ партияси. СО. касаба уюшмалари кенгаши, 1986 й. тузилган.

Хўжалиги. Иқтисодиётининг асосини қишлоқ хўжалиги. ташкил этади, аҳолининг аксарияти шу соҳада банд. Тропик деҳқончилик устун. Кўп микдорда кокос пальмаси ўстирилади, унинг мевасидан копра (мағиз) ва кокос мойи олинади. Какао, зираворлар, банан, ананас, шоли, ямс, таро, ер ёнғоқ, тамаки ва б. етиштирилади. Чўчқа, крамол, парранда боқилади. Ўрмонларда қимматбаҳо нав ёғоч тайёрланади. Балиқ овлаш ривожланган. Саноати кичикроқ ёғочсозлик, мебель, озиқовқат (ёғ, консерва, тамаки), жут, кўнчилик корхоналаридан иборат. Асбест, совун, синтетик газлама ишлаб чиқарилади. Ёғоч ўймакорлиги, бўйра, сават тўқиш, қайиқ, садаф буюмлар ясаш ҳунармандчилиги мавжуд. Кейинги йилларда сайёхдик ривожланмоқда. Юкларнинг кўп қисми денгиз орқали ташилади. Автомобиль йўллари уз. 1330 км. Асосий денгиз порти ва халқаро аэрогюрти — Хониара. Четга кокос мағизи, пальма мойи, ёғоч, какао, музлатилган балиқ чиқаради. Четдан озиқовқат, ёқилғи, машина, кимёвий мол ва б. олади. Австралия, Япония, Корея Республикаси, Буюк Британия билан савдо қилади. Пул бирлиги — СО. доллари.

7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг таълим олиши мажбурий. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 7 йил, ўрта мактабда 5 йил. Дарслар инглиз тилида олиб борилади. Давлат мактаблари билан бир қаторда хусусий диний мактаблар ҳам бор. Хониара ш. да ун-т маркази (1970), пед. коллежи (1958), техника ин-ти (1969) мавжуд. Хониара ш. да Миллий кутубхона (1974), Миллий музей, Ботаника боғи ва Маданий марказ фаолият кўрсатади.

Маҳаллий тилда «Агрикалса ниус», «Соломон ниус» журналилари, инглиз тилида «Соломон войс», «Соломон стар» ҳафтаномалари нашр этилади. 1976 й. да СО. радиоэшиттириш хизмати ташкил этилган. 1996 й. дан телекўрсатувлар бериб борилади.