СМОЛЕНСК

СМОЛЕНСК — РФдаги шаҳар. Смоленск вилояти маркази. Днепрнинг ҳар иккала сох. илида жойлашган. Т. й. ва автомобиль йўллари тугуни. Аҳолиси 355,9 минг киши (1998). 862 й. дан савдо ва ҳунармандчилик маркази сифатида маълум. 882 й. дан Киев Руси таркибида, 12-а. дан Смоленск князлигининг маркази. 1404—1514 йларда Литва князлиги, сўнгра Москва давлати таркибида, 1609—67 й. ларда Польша тасарруфида бўлган. 1667 й. да Андрусов сулҳи бўйича Россияга берилган. 1708 — 19 ва 1796—1929 й. ларда Смоленск губерняси, 1776—96 й. ларда Смоленск ноиблиги маркази. 1812 й. да Смоленск ёнида рус қўшинлари билан Наполеон қўшинлари ўртасида катта жанг бўлган. 1941—43 й. ларда Смоленск атрофида немисфашист қўшинлари билан шиддатли жанглар олиб борилган. 2-жаҳон уруши даврида Смоленск бутунлай вайрон қилинган. Урушдан сўнг шаҳар қайтадан тикланган. Смоленскга қаҳрамон шаҳар унвони берилган.

Машинасозлик (автоматлаштириш воситалари, ҳисоблаш машиналари, электр лампалар, совиткичлар ва б.), енгил (трикотаж, зиғир, пойабзал), озиқовқат саноатлари ривожланган. «Кристалл» з-ди (бриллиантларга сайқал бериш), олмос асбобларни и. ч. корхонаси мавжуд. 4 олий ўқув юрти, 2 театр; Смоленск зиғири музейи, СТ. Конёнков номидаги ҳайкалтарошлик музейи, тарихий ва меъморий-бадиий музейқўриқхонаси, бадиий галерея бор.

Қад. меъморий ёдгорликлардан Пётр ва Павел (1146), Иоанн Богослов (12-а.), Михаил Архангел (1191—94) черковлари, Успение собори (1677—79), Кремль (16-а. — 17-а. бошлари) сақланган. «Мотамсаро она» ҳайкали (1965), «Мангулик қўрғони» мемориали (1970) ўрнатилган.