СКОЛОПЕНДРАСИМОНЛАР

СКОЛОПЕНДРАСИМОНЛАР, катта қирқоёқсимонлар (Scolopendгomoфha) — энг йирик кўп оёқлилар туркуми. Уз. 10—25 см гача, танаси 21—23 та бир хил тузилган бўғимлардан иборат. 900 га яқин тури, асосан, тропик, субтропик ўлкаларда тарқалган. Кундузи тош ва ёғочлар остига ва ёрикларга кириб олади; тунда ов қилади. Йиртқич; ҳар хил ҳашаротлар билан озикланади. Жан. Америка ва Ямайка о. да тарқалган гигант сколопендра майда умуртқалилар (қурбақалар, калтакесаклар, қушлар)га ҳам ҳужум қилади. Сколопендрасимонларнинг эркаги кўпайиш даврида ер ости йўлларига ҳалқа тўр тортиб, унга уруғ ҳужайралари тўлдирилган халтаси (сперматофор)ни қўйиб кетади. Урғочи Сколопендрасимонлар уруғ халтани олиб, ўзининг жинсий бези йўлига киритади. Ўрта Осиёда тарқалган ҳалқали қирқоёқ партеногенез кўпаяди. Сколопендрасимонлар қўйган тухумларини калавага ўхшаб ўраб олиб, йиртқичлардан ҳимоя қилади. Йирик С, жумладан, ҳалқали қирқоёқ заҳарли. Сколопендрасимонлар чаққан жой шишиб кетади, лекин шиш 1—2 кундан сўнг қайтади. Гигант сколопендра заҳари одам учун айниқса хавфли. Жан. ҳудудларда тарқалган чўл сўқир қирқоёғи доим тупроқ ичида яшайди; кўзлари бўлмайди. Сколопендрасимонлар зараркунанда ҳашаротлар ва каналарни қириб, фойда келтиради.